Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини барвақт ўрганиш ва ҳал этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар 896 минг нафарни (аҳолининг 2,5 фоизи) ташкил этади. Улардан 159 минг нафари 18 ёшгача бўлган, 518 минг нафари меҳнат ёшидаги ва 219 минг нафари пенсия ёшидаги шахслардир.

Президентимиз томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Мазкур ҳужжат билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида тенг равишда иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратилади. Уларнинг ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда янада қулай бўлган тизим жорий этилади.

Адлия вазирлиги мазкур қарор бўйича ўтказган брифингда ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва ижроси билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди.

2023 йилда 475 нафар муҳтож шахслар замонавий хорижий протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминланади. Бунда соҳага ажратилган маблағлар доирасида 17,9 миллиард сўм йўналтирилади.

Эндиликда нафақат ногиронлиги бўлган шахсларга, балки уларга ғамхўрлик, ҳамроҳлик қилаётган, уларнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилаётган оила аъзолари, яқинлари бўлган фуқароларга ҳам имтиёз ва енгилликлар берилади.

Давлат хизматларидан фойдаланишда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари, тиббиёт, таълим, маданият муассасаларида фуқароларнинг бевосита ҳозирлигида кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш ҳамда давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёз берилади.

2023 йил 1 январдан Адлия вазирлиги томонидан “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилган. Эндиликда мазкур ахборот тизими доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада ошириш мақсадида улар учун адвокатлар томонидан ихтиёрий равишда бепул профессионал юридик ёрдам кўрсатилиши (pro bono) ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор ногиронлиги бўлган фуқароларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Н.Абдураимова, ЎзА