Халқаро шахмат федерацияси февраль ойи якуни бўйича янгиланган рейтингни эълон қилди.

Жорий йил январь ва февраль ойида Нидерландия ва Германияда  ўтказилган “Tata Steel Masters” ва “WR Chess Masters” турнирларида шахматчиларнинг эришган натижаларига кўра рейтинг тузилди.

Рейтингда АҚШ вакили Уэсли Со 30,80 очко билан етакчиликка эришган бўлса, “Tata Steel Masters” турнири ғолиби Нидерландия вакили Аниш Гири 29,03 очко билан 2-ўриндан жой олди. Левон Аронян 26,35 очко жамғарган ҳолда кучли учликни якунлади.

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳар иккала турнирда эришган натижалари асосида 22,28 очко билан 4-ўринни банд этди. Маҳоратли шахматчимиздан кейинги поғоналардан Магнус Карлсен, Гукеш, Ян Непомняший, Александр Донченко каби гроссмейстерлар жой олишган.

Январь ойининг сўнгги кунларида Нидерландияда ташкил этилган “Tata Steel Masters” халқаро турнирининг “Челленжер” баҳсларида 3-ўринни эгаллаган Жавоҳир Синдоров янгиланган рейтингда 89 нафар кучлилар орасида 12-қаторда қайд этилди.

Халқаро шахмат федерацияси томонидан жорий этилган мазкур рейтинг ўринлари 2024 йили ўтказиладиган жаҳон чемпионатида қатнашадиган энг кучли иштирокчиларни аниқлашни назарда тутади, дейилади ФИДЕ хабарида.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА