Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркиянинг жанубий-шарқида содир бўлган даҳшатли зилзилалардан жабр кўрганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда халқаро ташкилот бош директори Тедрос Аданом Гебреисусга таяниб, “Анадолу” агентлиги хабар берди.

ЖССТ раҳбари Хатай вилоятига ташриф буюрди, унга Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожа ҳамроҳлик қилди.

ЖССТ етакчиси ҳалокат кўламини “ақл бовар қилмас”, деб атади.

“Бу яқин тарихда энг даҳшатли офатлардан бири, деб билиб, 45 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди ва 108 мингдан ортиқ киши жароҳатланди”, деди.

Гебреисуснинг сўзларига кўра, турк томони учун ёрдам пакети табиий офат зонаси аҳолиси эҳтиёжларининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

Бош директор 14 минг кишидан иборат Миллий тиббий-қутқарув гуруҳи ходимлари ва кўнгиллиларнинг фаолиятини алоҳида таъкидлади.

“Туркия қўлдан келган барча ишни қилмоқда, аммо мамлакат халқаро ёрдамга муҳтож”, деб қўшимча қилди ЖССТ раҳбари.

 

ЎзА