Туризм соҳасида янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш, хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, соҳада аҳоли бандлигини ошириш ва даромад манбаларини кўпайтириш орқали республикамизнинг ички ва ташқи туризм имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Туризм маҳаллаларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, туризм маҳаллаларида ички автомобиль йўллари ва кўприкларни, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, электр таъминотини яхшилаш ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024-2025 йилларда 205 миллиард сўм маблағ ажратилади.

2024-2025 йилларда туризм маҳаллаларида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари, ички автомобиль (хўжалик) йўллари ҳамда кўприкларни қуриш ва таъмирлаш лойиҳалари, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш лойиҳалари, электр таъминотини яхшилаш борасида амалга ошириладиган лойиҳалар, шунингдек, туризм маҳаллаларида алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024-2025 йилларда давлат бюджети параметрларини шакллантиришда туризм маҳаллаларида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари учун 200 миллиард сўм маблағ ажратади.

 

ЎзА