«Нуроний» жамғармасида «Халқ сўзи» – «Народное слово» газеталари таҳририяти, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда атоқли журналист Аҳмаджон Мухторов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.
Хотира тадбирида таниқли журналист Аҳмаджон Мухторов ҳаёти, фаолияти, ижоди, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш борасидаги заҳматли меҳнатлари хусусида батафсил сўз юритилди.
– Президентимиз «Янги Ўзбекистон» ғоясини илгари сурар экан, бу маърифий ғоя турли қолиплардан холи, ростмана янги ва тоза бўлмоғи кераклигини кўп уқтирадилар, – деди «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев. – Бу борада миллий журналистика соҳасида ўзига хос мактаб яратган устоз ижодкорлар хотирасини эъзозлаш бурчимиздир.
– Аҳмаджон Мухторовни 1971 йилдан бери биламан, – деди таниқли психолог олим Маҳмуд Йўлдошев. – У инсон фикр айтиш ғоят оғир бўлган даврда ҳам сўзларини ҳатто Кремль минбаридан айтган журналист эди. Бугун жадид боболаримиз ҳақида кўп гапириляпти. Журналистикамизда мактаб яратган инсонларнинг жасоратини ҳам намуна қилсак, арзийди.
Дарҳақиқат, хотира тадбирида таъкидланганидек, Аҳмаджон Мухторов кўп йиллар босма оммавий ахборот воситаларида, жумладан, «Халқ сўзи» – «Народное слово» таҳририятларида бош муҳаррир бўлиб меҳнат қилган. Аҳмаджон Мухторов фидойи, журъатли, жасур, мустақил ва дадил фикрли журналист сифатида юртимиз медиа соҳасидаги кучли шахсларлардан бири эди.
Хотира тадбирида таниқли журналистнинг ижод йўли, маҳорат мактаби, фаолиятининг ибратли жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритилди. Унинг ижод йўли, ҳаётига оид алоҳида китоб чиқариш хусусида таклиф билдирилди.
Назокат Усмонова, ЎзА