Аҳоли кенг қатламларининг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг муносиб ўрни бор. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Унда жамоат фондининг жамиятдаги энг муҳим долзарб муаммоларни ҳал қилишда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Дастури кўриб чиқилди.

— Дастурда 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди, — деди Парламент комиссияси раиси Адҳам Шодмонов. — 2023 йил ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 226,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу 1000 дан ортиқ дастур ва лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имкониятини яратади. Давлат грантлари шаклида 17 миллиард сўмлик 180 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, ушбу лойиҳалар хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, таълим сифатини ошириш, маънавий муҳитини соғломлаштириш, ёт ғоялар таъсирига қарши курашиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Жумладан, давлат субсидияси шаклида жамоат ташкилотларининг устав фаолияти ва йиллик иш режасини бажаришга 191 миллиард 490 миллион сўм йўналтириш белгиланди.

Йиғилишда парламент комиссияси томонидан “Жамиятда ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш” ва “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш” мавзуларида давлат грантлари ажратиш учун  биринчи ва иккинчи танловлар эълон қилиш тасдиқланди. Танловлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 27 февралидан 31 мартигача ўтказилади.

 

М.Комилова,

ЎзА