Бугун Россия Федерацияси Кемерово вилоятида «Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинлари бошланади.

2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган мазкур мусобақаларда Осиёнинг 12 та мамлакати, шунингдек, Беларусь ва Россиянинг 8 минтақасидан жамоалар иштирок этиш учун жам бўлди, дейилади II «Осиё болалари» ўйинлари сайти хабарида.

Болалар ўртасида қишки спорт турларини оммалаштиришда муҳим мусобақа бўлган ушбу ўйинларда мамлакатимизнинг хоккей ва фигурали учиш жамоалари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

«Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинлари дастуридан чанғи спорти, тезкор конькида учиш, фигурали учиш, хоккей, чанғида сакраш, эркин услуб, сноуборд, чанғи спорти ва қор волейболи жой олган. Шунингдек, илк бор ўйинлар дастурига компьютер спорти ҳам киритилди.

Мусобақалар жараёнида ёш спортчилар 57 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.

Кеча Ўзбекистон хоккей федерацияси ижрочи директори Элбек Маҳмудов раҳбарлигидаги мамлакатимиз хоккей жамоаси «Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинларида қатнашиш учун Кемеровога етиб борди.

–  22 нафар ёш хоккейчи, 2 нафар мураббий, 1 нафар делегация раҳбаридан иборат жамоамиз ушбу ўйинларда иштирок этиш учун етиб келдик. Хоккей мусобақалари Кемерово вилоятнинг Новокузнецк шаҳрида ташкил этилади. Мусобақаларда Беларусь, Қозоғистон, Мўғулистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россиянинг 4 ҳудуд жамоаси 3 гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Қуръа натижасига кўра, ёш хоккейчилар жамоамиз 2 гуруҳда Мўғулистон ва Қирғизистон вакиллари билан жойлашди. Дастлабки ўйинни 28 февраль куни ўтказамиз. Унгача машғулотларда қатнашамиз, – дейди телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон хоккей федерацияси ижрочи директори Элбек Маҳмудов.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигидан маълум қилинишича, «Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинларида фигурали учиш бўйича Ўзбекистон жамоаси ҳам қатнашиши режалаштирилган бўлиб, 3 нафар спортчи ва 2 нафар мутахассисдан иборат жамоа мусобақаларда иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, ўйинлар дастурига биноан бугундан айрим спорт турларидаги баҳсларга старт берилди. «Осиё болалари» II халқаро қишки спорт ўйинларининг расмий очилиш маросими 25 февраль куни ташкил этилиб, баҳслар 5 мартга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА