Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон раҳбари Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Эслатиб ўтамиз, ташрифи арафасида – 19 февраль куни Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон – Миср бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 200 га яқин вакиллари иштирок этди.
Ушбу тарихий ташрифнинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар ҳақида бизнес-форум иштирокчилари фикри билан қизиқдик.
Обид Ҳакимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори:
– Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи мутахассислар, экспертлар томонидан Ўзбекистон – Миср муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши айтилмоқда. Миср Араб Республикаси Африка қитъасидаги иккинчи йирик, 440 миллиард доллардан ортиқ ялпи ички маҳсулотга эга бўлган давлат саналади. Охирги беш йилда иқтисодий йўналишда бу мамлакат билан савдо алоқаларимиз уч баробарга ошган. Лекин бу кўрсаткич ҳозирги имкониятларимизга нисбатан анча кам. Бизнес-форумда икки мамлакат яна қайси йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириши керак деган савол ўртага ташланди. Масалан, қишлоқ хўжалиги, металлургия соҳасида, қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ қилиш бўйича мамлакатларимиз ўртасида ҳали сафарбар қилинмаган имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Мисрлик экспертлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиёт сезиларли даражада ривожланганини, бу ўсиш Марказий Осиё равнақига ҳам хизмат қилаётганини таъкидлашди.
Улуғбек Қосимхўжаев,
Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори:
– Ўзбекистон – Миср бизнес-форуми якунлари бўйича кимё, энергетика, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, саноат зоналарини, инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш ва фармацевтика, қайта тикланувчи электр манбалари, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Миср қитъанинг асосий дарвозаси саналади. Бу мамлакатда логистика анча ривожланган. Ҳозир бу ерда йирик логистика маркази қурилмоқда. Ўзбекистондан келтирилган товарлар марказда тўпланиб, Африка ва Европага олиб чиқилади.
Отабек Жиянбоев,
Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси:
– Бугунги кунда дунёда тиббиёт соҳаси, хусусан фармацевтика ривожланиб бормоқда. Юртимизда беш йил аввал йигирма хил тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони юздан ошди. Келгусида бу йўналишда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикрлар билдирилди. Қисқа муддатда янги қўшма корхоналар ташкил этилишига ишонамиз. Шунингдек, бу заминнинг маҳсулотлари учун юртимизда, Марказий Осиёда бозор бўлиши муҳим. Миср эса мамлакатимизга Африкадаги элликдан ортиқ давлатлар бозори учун муҳим йўл саналади. Президентимизнинг ташрифи барча соҳаларда кенг қамровли ҳамкорликни янги босқичга кўтаради.
ЎзА