Божхона чегараси орқали ҳаракатланувчи жисмоний шахслар ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Божхона қўмитаси ҳузурида “Божхона-сервис” давлат муассасаси иш бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони,  Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитаси ҳузуридаги “Божхона-сервис” давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори ижроси доираси иш бошлаган “Божхона сервис” давлат муассасаси божхона органларининг умумий чекланган штатларидан ташқари, намунавий штатлар доирасида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат ташкилоти ҳисобланади.

Муассасанинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан бугун ўзига юклатилган вазифалар доирасида илгари божхона органлари томонидан қонунчилик талабалари асосида олиб қўйилган ва суд органлари ҳукмига кўра давлат даромадига ўтказилиши белгиланган товар моддий бойликларни савдо ярмаркалари орқали сотиш амалиёти жорий этилди. Бунда, “Нукус шаҳар савдо комплекси” масъулияти чекланган жамияти бозорида жойлашган савдо расталаридан жой ҳозирланиб, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларнинг халққа сотилиши йўлга қўйилди.

Баҳолаш ташкилотлари томонидан қонунчилик асосида экспертизадан ўтказилиб, белгилаб берилган баҳоларда сотилаётган ушбу товарлар, албатта, бозор нархидан анча арзонлиги билан ажралиб туради. Маълумот ўрнида, ушбу муассасага божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний равишда давлат чегаралари орқали олиб ўтилишининг ва ички ҳудудда қонунга зид равишда айланмада бўлишининг олди олинган қиймати 2 миллиард сўмга яқин товар моддий бойликлар топширилган.

Яқин келажакда “Божхона-сервис” давлат муассасаси томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона чегаралари ва ички ҳудудларда хизмат кўрсатишнинг янгича қулай усуллари йўлга қўйилиши режалаштирилган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири