Бугунги кунда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида жиноят қонунчилиги нормалари янада либераллаштирилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда жавобгарлик ва жазодан озод қилиш асослари соддалаштирилди, айрим турдаги жиноятлар бўйича санкциялар енгиллаштирилди ва жавобгарликдан озод этишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар жорий этилди.
Шунингдек, инсонпарварлик акти сифатида жиноят содир этган шахсларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш, шу жумладан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш амалиёти янада кенгайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, инсонпарварлик тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қуйидаги диаграммада сўнгги йилларда жазони енгилроғи билан алмаштириш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш каби чораларнинг қўлланилиш салмоғи ошиб бораётганлигини кўришимиз мумкин.
Юқорида келтирилган маълумотлар, бир қарашда, кишида жазо қўллаш сиёсати енгиллаштириляпти ва бу ҳолат инсон ҳуқуқларининг таъминланишига олиб келади, деган тушунчани юзага келтириши мумкин. Бу қисман тўғри. Бироқ, масалага бошқа ракурсдан қарайдиган бўлсак, жазонинг енгиллаштирилиши жазодан кўзланган мақсадга қай даражада эришилмоқда, деган ҳақли саволни юзага келтиради. Зеро, жиноят содир этган шахс қилмишидан хулоса чиқариб, унинг оқибатларини тушуниб, англаб етмоқдами?
Хусусан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва жазо енгилроғи билан алмаштирилган шахслар тузалиш йўлига ўтмасдан ва содир қилган жиноятидан тегишли хулоса чиқармасдан қайта жиноят содир этмоқда.
Масалан, муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 9 минг 724 тани ташкил қилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2022 йилда 11 минг 635тага етган, яъни 19,6 фоизга ошган. Шу каби муқаддам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилда 168 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 9,5 фоизга ошиб, 184 тани ташкил этган.
Демак, судлар томонидан шахсларга қўлланилаётган жазолар шахсларнинг ахлоқани тузалиши учун етарли бўлмаяпти. Бунинг устига, шахсларнинг муддатидан илгари шартли озод қилиниши ҳолатлари янги жиноятларни содир этиш учун йўл очяпти. Фикримизни янада аниқроқ ифодалайдиган бўлсак, жазо сиёсатидаги енгилликлар қуйидагича салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда:
Биринчидан, шахсларнинг етарлича қайта тарбияланмасдан туриб, жуда эрта озодликка чиқарилаётганлиги бундай шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатда, албатта, адолатга эришиб бўлмайди. Чунки содир этилган жиноят учун адолатли жазо тайинлаш одил судловнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
Иккинчидан, судлар томонидан тайинланган жазо тўлиқ ўталмасдан туриб шахслар озодликка чиқиши жамиятда шахслар онгида “жиноят содир қилгандан кейин бир неча йилда чиқиб келиш мумкин” деган тушунчани, яъни қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Бу ҳолат илгари жиноят содир этмаган шахсларнинг жиноят содир этиши учун муайян маънода “мотивация” бўлмоқда.
Шуни қайд этиш керакки, жавобгарликнинг муқаррарлиги ва жазоларнинг етарли даражада таъсирчанлиги шахсни тарбиялашга хизмат қилади.
Учинчидан, жиноят содир этган шахсларнинг жазонинг бир қисмини ўтаганидан кейин озодликка чиқарилиши ушбу жиноятдан жабр кўрган фуқаролар томонидан Давлатнинг жазо сиёсатига, шунингдек, мутасадди органлар ва судга нисбатан эътирозлар юзага келишига ҳамда қонунларга ва адолатга нисбатан одамларнинг ишончи йўқолишига сабаб бўлмоқда.
Эндиликда ҳақли савол туғилади: бу муаммоларга барҳам бериш учун нима қилиш лозим?
Ривожланган хорижий мамлакатлар бундай муаммоларга ўзига хос ечимни ишлаб чиқишган. Хусусан, аксарият Европа давлатларида жазодан шартли равишда озод қилишда маҳкум томонидан содир этилган жиноятларнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, тайинланган жазо муддатининг маълум бир қисми ўталганидан сўнг шахс шартли озод қилинади. Бундай муддат Германия ва Данияда учдан икки қисмни, Испанияда тўртдан уч қисмни ташкил этади.
Таққослаш учун, Испанияда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган шахс жазонинг 7,5 йилини ўтаганидан кейин озодликка чиқарилиши мумкин. Ўзбекистонда эса бу муддат 5 йилни ташкил этади.
Шунингдек, Хитой, Аргентина ва Венгрия давлатларида рецидивистларга, Хитойда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумларга, АҚШ ва Литвада эса умрбод қамоқ жазоси тайинланган шахсларга нисбатан шартли озод қилиш қўлланилмайди.
Инсонпарварлик актларини қўллаш муддатлари бўйича
СОЛИШТИРМА МАЪЛУМОТ
Жазо муддати | ЖКнинг 74-моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) | ЖКнинг 73-моддаси (жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш) |
Оғир жиноят | ||
10 йил | Жазонинг 1/3 қисмини ўтагандан кейин(3йил 4 ойдан сўнг) | Жазонинг 1/2 қисмини ўтагандан кейин (5 йилдан сўнг) |
Ўта оғир жиноят | ||
20 йил | Жазонинг 1/2 қисмини ўтагандан кейин(10 йилдан сўнг) | Жазонинг 2/3 қисмини ўтагандан кейин (13 йил 4 ойдан сўнг) |
Шунга кўра, тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳамда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш учун талабларни ошириш мақсадга мувофиқ. Бунда, жазодан мақсад жиноят содир этган шахсни жазолаш орқали ундан ўч олиш эмас, балки уни ахлоқан тузатиш, содир этган қилмишининг оқибатларини тушунтириш, англатиш ва қайта тарбиялашга қаратилганлигини инобатга олиш лозим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш тизими ва шартларини қайта кўриб чиқиш вақти келмадимикин?
Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА