Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизда 20-28 февраль кунлари давом этадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.
2022 йил 10 октябрь куни эълон қилинган ва бир ой давом этган мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги, БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясига бағишланди.
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирни ўтказишдан мақсад инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимни, тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз аҳолиси ўртасида инсон ҳуқуқига оид маданиятни кенг тарғиб этишдан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилишича, 5 номинация бўйича ўтказилган танловга жами 72 ҳужжат келиб тушган. Якунда, “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши ўқув курси”, “Исон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида”, “Инсон ҳуқуқи ва эркинлигига бағишланган энг яхши видеоролик”, “Инсон ҳуқуқи ва эркинлигига бағишланган энг яхши ўқув адабиёти”, “Инсон ҳуқуқи бўйича энг яхши мақола” номинациялари ғолиблари диплом, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири