Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб фракция раҳбари Алишер Қодиров Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи якунлари ҳақида тўхталиб ўтди.

— Юртимиз аҳолисининг кўпайиши, иқтисодиёт ривожланиб, корхоналар сони ортиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда, — деди фракция раҳбари. — Шунинг учун барча ҳудудларда бундай қувватларни ошириш чоралари кўрилмоқда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ишларига эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ҳар бир вилоятга ташрифи давомида энергия манбалари масаласига алоҳида эътибор қаратиб, муайян вазифаларни белгилаб бермоқда. Жумладан, Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳам мазкур масалага алоҳида тўхталди. Хусусан, Бухоро туманидаги “Aksa Enerji Bukhara” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган иссиқлик электр станцияси фаолияти билан танишди. Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш, соҳага юқори технологияларни жалб қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, Президентимиз сафар чоғида партиялар, депутатларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки, масъулиятини янада ошириш лозимлигига эътибор қаратди. Депутатлар сайловчилар билан учрашувларда энергетика тизими, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ўзгаришлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилишда фаол иштирок этиши зарур.

Халқимизнинг сиёсий тафаккури, дунёқараши кескин ўсаётганига мутаносиб равишда мулоқот институтлари ҳам фаоллашиши лозим. Айнан шу жиҳатдан, сўнгги йилларда «Миллий тикланиш» демократик партияси фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Лекин бу етарли эмас, – деди Алишер Қодиров.

Йиғилишда фракция аъзолари ҳам ташриф ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, бу борада келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Шундан сўнг кун тартибидаги бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА