Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вакили Маттиас Люттенберг билан учрашди.

Учрашувда Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишлари нималардан иборат эканлигига қизиқиш билдирилди. Шу боис  институтнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик тўғрисида маълумот берилди.

М.Люттенберг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлади.

Ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистон ва Германия давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ўзаро фикр алмашилди.

 

ЎзА