Бирлашган Миллатлар Ташкилоти матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу тузилма халқaро ҳамжамиятни жорий йил нотинчликдан жабр кўрган украиналиклар учун 5.6 миллиард доллар ажратишга чақирмоқда. Ушбу маблағнинг 3.9 миллиарди мамлакатдаги 11 миллион муҳтож украиналикни озиқ-овқат, тиббий ва молиявий ёрдам билан таъминлашга сарфланади. 1.7 миллиард Болгария, Чехия, Руминия, Молдова, Венгрия, Эстония, Латвия, Литва, Польша ва Словакияга кўчиб ўтган қочқинларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Мазкур давлатлар ҳудудида ҳозир Украинадан кетган 4 миллиондан зиёд муҳожир яшайди.

БМТ бугунги кунда Украина аҳолисининг қарийб 40 фоизи инсонпарварлик ёрдамига, ҳимояга муҳтожлигини, украиналик қочқинларнинг қўшни юртларга оқими Европада мисли кўрилмаган гуманитар инқироз келтириб чиқарганини қайд этди.

– Орадан бир йил ўтса-да, ҳар куни мисли кўрилмаган миқёсда ўлим ҳолати, вайронагарчилик кузатилмоқда, – деди БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс. – Ёрдам вазият энг оғир аҳоли нуқталарига, жумладан, фронт чизиғига яқин жойларга етиб бориши учун бор имкониятни ишга солишимиз керак. Украина халқи ҳали халқаро ёрдамга муҳтож.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди қочқинларни қўллаб-қувватлашда мезбон ҳукуматлар, шунингдек, маҳаллий нодавлат ташкилотлар муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.

Грандининг сўзларига кўра, қочқинлар шунчаки қабул қилинмади, вақтинчалик ҳимоя чоралари уларга ишлаш, хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини берди, уларнинг миллий тизимларга киритилишини таъминлади. Бинобарин, мезбон давлатлар меҳмондўстлигини одатдагидек қабул қилиш керак эмас. Қочқинлар уйига қайтгунча халқаро ёрдам ва бирдамликни давом эттириш зарур.

БМТ маълумотига кўра, 2022 йил Украина бўйлаб қарийб 16 миллион киши ёрдам олган ва ҳимояланган. Олти миллион киши молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланган. Қолаверса, Европа мамлакатларидаги миллионлаб украиналик қочқинлар, жумладан, 600 мингдан кўп болага ҳам ёрдам кўрсатилган.

ЎзА