Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Япониянинг Тоттори университети президенти, профессор Ҳиромтсу Накажима билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш юзасидан узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иштирок этди.

Япониялик ҳамкорларимизнинг алоҳида эътироф этишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда таълим-тарбия ва илм-фан соҳасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар таҳсинга сазовордир. Бу борада Япония Тоттори университети олимлари бизни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиришди. Бу борада дастлабки қадам ташланди. Самарқанд давлат университетида Тоттори университетининг ваколатхонаси очилади.

Ушбу ваколатхонанинг асосий фаолияти Тоттори университети олимлари томонидан қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган янги инновацион ишланмалар ва билимларни Ўзбекистонга трансфер қилиш, синовдан ўтказиш ҳамда амалиётга кенг жорий қилишга қаратилади.

Тоттори университетининг СамДУдаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг 50 фоиздан ортиқ қисмини эгаллаган қурғоқчил яйлов майдонларидан самарали фойдаланиш, ушбу ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва шу орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган ишланмаларни жорий қилади.

Ушбу ваколатхона олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда Тоттори университети таркибидаги Қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш халқаро маркази (Arid Land Research Center) ва унинг етакчи олимлари бевосита иштирок этади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур халқаро марказ қурғоқчил минтақалардан илмий асосланган ҳолда самарали фойдаланиш, хусусан, шўрланган ва сув тақчил ҳудудларда деҳқончиликни ривожлантириш бўйича дунё даражасида эътироф этилган Япониядаги ягона марказ ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур ваколатхона нафақат аграр йўналишда, балки муҳандислик, ахборот технологиялари соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу борадаги янги билимларни мамлакатимизга трансфер қилишни режалаштирмоқда.

Самарқанд давлат университетида ташкил этиладиган мазкур нуфузли ваколатхона нафақат Тоттори ва Самарқанд давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиради, балки Япониянинг бошқа нуфузли университетлари билан ҳам ўзаро алоқа ўрнатиш имкониятини беради, дея маълум қилади Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА