Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да “Педагогика олийгоҳларида замонавий педагогларни тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Абдураҳмонов жавоб берди.
— Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та педагогика олийгоҳида 27 та таълим йўналиши бўйича педагог кадрлар тайёрланяпти, — деди И.Абдураҳмонов. — Мазкур таълим муассасаларида педагогларни тайёрлаш методикаси замонавий таълим-тарбия талабларига мувофиқ олиб борилмоқда. Жумладан, 2022/2023-ўқув йили учун таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг 59 та ўқув режа ва 1004 та фан дастури мазмуни тўлиқ қайта кўриб чиқилди ва халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди. Шунингдек, ўқув режалар ва фан дастурларини тайёрлашда хорижий олий таълим муассасаси мутахассислари эксперт ҳамда фан дастурларига ҳаммуаллиф сифатида жалб этилди. Ўқув режа ва фан дастурлари Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси (MCKO+2011) ва халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS)га мувофиқлаштирилди.
Педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасасида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабаларининг малакавий амалиётини ўташлари учун Президент, ижод ва ихтисослаштирилган, умумтаълим ва махсус мактабларда, мактабгача таълим ташкилотларида “4+2” тартибда амалиёт ташкил этилмоқда. Бу ўз навбатида, таълим-тарбия ҳамда назария ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
“Ҳукумат соати”да сўз олган депутатлар жаҳон тажрибасида узоғи билан уч йилда педагогларни тайёрлашга эришилаётган бир пайтда педагогларни тайёрлаш учун тўрт йиллик таълим дастури асослими, деган саволни ўртага ташланди.
Бунга жавобан вазир олий маълумотли педагог мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш натижасида 2020/2021-ўқув йилидан мусиқа, жисмоний маданият, технологик таълим, чақириққача ҳарбий таълим, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мактабгача таълим, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт каби таълим йўналишларининг ўқиш муддати уч йил этиб белгиланганини таъкидлади.
Бошқа таълим йўналишларига 2022/2023-ўқув йилидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш, хусусан, жорий ўқув йилида 4 та таълим йўналиши: Математика ва информатика (қўшимча информатика фани ўқитувчиси), Педагогика (қўшимча тарбия фани ўқитувчиси), Биология (қўшимча табиий фанлар ўқитувчиси), Махсус педагогика: сурдопедагогика (қўшимча сурдотаржимон) бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартиби жорий қилинди.
Шунингдек, “Ҳукумат соати”да халқ вакиллари умумий ўрта таълим мактабларида Тарбия дарсликларини ўқитиш учун махсус педагогик, психологик кўникмаларга эга педагогларни тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан қизиқдилар. Вазир айтиб ўтганидек, 2022/2023-ўқув йилидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартиби жорий этилди. Хусусан, Педагогика ва психология таълим йўналиши негизида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Педaгогикa (қўшимчa тaрбия) таълим йўналиши ташкил этилди.
Депутатлар “Ҳукумат соати”да ўз саволларига жавоб олиш баробарида соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА