Мамлакатимизда олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагидаги ёшларнинг билим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, тўлов-контракт асосида ўқиётган ҳар бир талабани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон банклари Ассоциациясида “Юртимизда сифатли таълимни таъминлашда тижорат банклари томонидан берилаётган таълим кредитларининг роли” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Президентимизнинг 2021 йил 30 июлдаги “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш истагида бўлган талабаларга таълим кредити ажратилмоқда.
Айни вақтда республикамиздаги 12 та тижорат банки орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлардан таълим кредитлари берилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур таълим кредитининг асосий афзаллиги талаба кредитни ўқишни тамомлагандан кейин, еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида тўлаб боради. Опа-сингилларимиз учун бу борада имтиёзлар берилган. Яъни, хотин-қизлар берилган таълим кредитининг фақат асосий қарзини қайтаради. Фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Ушбу таълим кредити бериш шартларига кўра, таъминот сифатида гаров, учинчи шахс кафиллиги ҳамда суғурта полиси тақдим этилиши мумкин. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари учун эса банк томонидан гаров таъминоти талаб этилмайди.
2022 йилда тижорат банклари томонидан 2022/2023 ўқув йили учун 27 минг 897 нафар талабага 317 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилган. Ушбу ажратилган кредитларнинг 242 миллиарди 76 фоизи аёллар ҳисобига тўғри келади. Ажратилган кредитлар бевосита уч томонлама шартномага асосан тижорат банки ва олий таълим муассасаси томонидан назорат қилинади. Яъни, маблағлар пул кўчириш йўли билан ОТМ ҳисобига ўтказиб берилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, имтиёзли таълим кредитларини 12 та тижорат банки — «Миллий банк», «Халқ банки», «Агробанк», «Микрокредитбанк», «Саноатқурилишбанк», «Ипотекабанк», «Асакабанк», «Қишлоқ-қурилиш банк», «Турон банк», «Алоқа банк», «Ҳамкорбанк» ҳамда «Ориент финанс банк» ажратмоқда.
Энг муҳими талаба вақтини, нақдини кетказиб, овора бўлмайди. Марказий банк томонидан «Talim-kredit.uz» платформаси ишга туширилган. Бу орқали талаба онлайн равишда ариза топшириши мумкин ва ариза 1 иш куни муддатида кўриб чиқилади. Бундан ташқари талаба ўзи яшаб турган ҳудудга ёки таълим олаётган ОТМга яқин жойдаги исталган банкка мурожаат қилиб, таълим кредити олиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА