Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Лойиҳада 7 та йўналишда 100 та мақсад ва 309 та бандни амалга ошириш кўзда тутилган. Тадбир давомида дастурга киритилган фан-таълим, репродуктив саломатлик, оналик ва болалик, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, медиация, рақамли маҳалла, хотин-қизлар масалалари каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилишда маъсул Халқ банки вакили томонидан 2023 йилда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 13 трлн сўм ажратилгани, шу билан бирга, хотин-қизлар учун 14 фоизли имтиёзли кредит сақланган ҳолда, кредит миқдори 50 млн сўмгача оширилгани ва бу сумманинг 10 млн.дан 20 млн сўмгача бўлган миқдори нақд пул кўринишида берилиши қўзда тутилгани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, тадбир давомида дастур лойиҳаси бўйича бир қанча таклифлар бериб ўтилди. Хусусан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда психолог ёрдамини янада кенгайтириш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга хизмат кўрсатувчи халқаро реабилитация марказлари тажрибасини ўрганиш, хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, шу жумладан, хотин-қизларни онлайн ўқитиш каби таклифлар бериб ўтилди.
ЎзА