АОКАда ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекция бошлиғи Адҳам Қурбоновнинг таъкидлашича, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан соҳада экологик назорат ишларини тўғри ва самарали ташкил этиш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўриш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

– Инспекциянинг 2022 йилдаги фаолияти давомида ҳудудларда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича жисмоний ва юридик шахслар ўртасида 77 мингдан ортиқ профилактик тадбирлар ўтказилди. Ўтказилган давлат экологик назорат тадбирлари давомида 45 минг 300 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга жами 40 миллиард сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар суммалари ҳисобланди.

1 минг 409 та ҳолат бўйича 5,8 миллиард сўм жарима ва табиатга етказилган зарарларни ундириш ва қонуний чора кўриш юзасидан материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилди. 36 та ҳолат бўйича жиноят иши очилган.

Ҳуқуқбузарлардан 300 дан ортиқ ҳайвонот дунёси объектлари, 6 минг 442 кг доривор, техник ва озуқабоп ўсимликлар, 2 минг 433 кг балиқ маҳсулотлари, 550 дан зиёд инвентарлар белгиланган тартибда олиб қўйилди. Олиб қўйилган ҳайвонлар табиат бағрига қайтарилиб, ўтин ва балиқ маҳсулотлари кам таъминланган оилалар ва Меҳрибонлик уйларига топширилди.

446 та хўжалик юритувчи субъектларда давлат экологик назорати тартибида текширишлар ўтказилди. Текширишлар натижасида 379 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 437,8 миллион сўм жарима суммаси қўлланилган. Атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 50,2 миллиард сўм қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланди.

Экологик талабларга риоя этмаган 24 та корхона фаолияти суд қарори билан камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилди. Текширув натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан хўжалик юритувчи субъектларга 1 минг 797 та мажбурий кўрсатма ва тавсиялар берилиб, профилактика ишлари олиб борилди.

“Айдар-Арнасой” кўллар тизимининг “Арнасой” сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилинганлиги муносабати билан балиқ овлаш қатъиян тақиқланган. Ушбу кўллар тизимида мунтазам равишда ноқонуний балиқ овлаш, ташиш ва сотиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича рейд тадбирлари ташкил этилган.

Мазкур кўллар тизими ва уларга туташ бўлган ҳудудларда жами 427 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 445 миллион сўм миқдордаги жарима ва зарар белгиланиб, тегишли орган томонидан 3 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

“Экологик патруль” гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Жойларда жами 270 нафар ходимлардан иборат 90 та гуруҳ ташкил этилиб, барча туман ва шаҳарлар тўлиқ қамраб олинди. Тошкент шаҳрида 10 та, Тошкент вилоятида 8 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 6 тадан гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди.

Гуруҳлар томонидан экология соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши 25 минг 701 та тезкор-қидирув ва мақсадли рейдлар ўтказиш натижасида 26 минг 117 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 9 миллиард 471 миллион сўм миқдордаги жарима жазоси белгиланди ҳамда 7 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ҳуқуқбузарлардан 4 та ўқотар қурол, 280 та тақиқланган ашёлар, 1 та автотранспорт, 31 та қайиқлар, 5 минг 357 кг балиқ ва 231 кг ҳайвон маҳсулотлари ҳамда 1 минг 425 дона кесилган дарахтлар белгиланган тартибда далилий ашё сифатида олинди.

Ҳудудларда ноқонуний тарзда дарахт ва буталарни кесиш, шунингдек, уларга шикаст етказиш билан боғлиқ 4 минг 673 та хуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 7 миллиард сўмдан зиёд жарима ҳамда 10 миллиард сўмдан зиёд табиатга етказилган зарар ҳисобланган. Бу кўрсаткичларнинг аксарият қисми асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Давлат экологик назоратини амалга оширишда жамоатчилик назорати жорий этилиб, унинг рағбатлантириш механизми ҳам ишга туширилади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда инспекторларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида “Смарт патрул” тизими кенг жорий этилади. Маъмурий ишларни кўриб чиқишда қоғоз билан ишлашдан воз кечилиб, тўлиқ махсус планшетларда амалга ошириш тизимига ўтилади, – деди Адҳам Қурбонов.

ЎзА