Олий таълим мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда юртимизда кўплаб нуфузли хорижий олий ўқув масканлари филиаллари очилди. Шу билан бирга чет эллардан етакчи профессор-ўқитувчилар маҳаллий олий таълим даргоҳларига таклиф қилинмоқда. Улар талабаларимиз билан ўқув-амалиёт ўтказишмоқда.

Яқинда Марказий Осиё бўйича йирик мутахассис, АҚШдаги Нью-Мексика университети профессори, Жорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик муаммоларини ўрганиш институти ўқитувчиси Грегори Глисон Тошкент давлат шарқшунослик университетида туркум машғулотлар ўтказди. Фурсатдан фойдаланиб меҳмонни университет профессори Сайфиддин Жўраев билан бирга суҳбатга тортдик.

– Сиз бир неча йилдан буён Шарқшунослик университетида машғулот ўтиб келасиз. Мамлакатимиз таълим тизимидан хабардорсиз, соҳадаги ўзгаришларни бевосита кузатиш имконига эгасиз. Шу ҳақдаги мулоҳазаларингизни эшитишни истардик.

– Аввало, мени дарс ўтишга таклиф қилгани учун университет ректори Гулчеҳра Рихсиевага миннатдорлик изҳор қиламан. Албатта, хорижий мамлакатдан мутахассис таклиф этилиши республикадаги ижобий ўзгаришлар, изчил ислоҳотлар ташаббускори бўлган давлат раҳбари томонидан яратилган концепция натижаси, деб ўйлайман.

Мен собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонда пахтачилик бўйича илмий тадқиқот билан шуғулланганман. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб мамлакатингиздаги ижтимоий-иқтисодий жараённи ўрганиб келаман. Бу борада қатор мақолалар эълон қилганман, китоблар чоп эттирганман. Кўп марта халқаро конференцияларда иштирок этганман. Демоқчиманки, ўзгаришлар, ислоҳотларни ичидан кузатиб бораман. Шу боис вазиятга холисона баҳо беришимга шубҳаланмасангиз ҳам бўлади.

Бугунги ўзбекистонликлар тафаккури, маданияти, ҳатти-ҳаракати билан олдинги давр одамларидан кескин фарқ қилади. Одамларда, айниқса, ёшларда янгича дунёқараш, дунё илмини эгаллаш, илғор тажрибани ўзлаштиришга интилиш сезиларли даражада кучайганини таъкидламоқчи эдим.

– Энди бевосита олий таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида гапириб берсангиз. Ҳар ҳолда 30 йиллик тажрибангиз бор…

– 2017 йилдан бошлаб олий таълим соҳасида аввал кузатилмаган жиддий трансформацияга гувоҳман. Жаноб Шавкат Мирзиёев бу йўналишда мамлакатингиз учун энг асосий ривожланиш нуқтасини танлаган. Мамлакатда АҚШ, Россия, шунингдек Европа ва Осиёнинг кўплаб ривожланган давлатлари замонавий олий ўқув юртлари филиаллари очилиши, ҳамкорлар билан бирга янги, замонавий соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилаётгани олқишга лойиқ.

Эътибор қилинса, Ўзбекистон бугун аграр мамлакатдан технологик  жамиятга айланиб бораётганини кўриш мумкин. Мени қувонтирган жиҳати шундаки, замонавий завод-фабрикаларда компьютер ва янги технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хорижий давлатларда сотиляпти. Бошқача айтганда, рақобат пайдо бўлган. Демак, олий таълимдаги ислоҳотлар малакали мутахассислар тайёрлаб бериш даражасига чиқиб олган. Бу жуда жиддий трансформация.

– Ёшларимиз ҳам чет элларда ўқиб келмоқда…

– Тўғри таъкидладингиз. Яқин-яқингача ўзбекистонлик ёшлар оммавий равишда хорижий мамлакатда ўқишини тасаввур қилиб бўлмасди. Қолаверса, бундай имконият ҳаммадаям топилмасди. Бугун эса ушбу мақсад давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Ёшларга шароит яратиш учун давлат сунъий тўсиқларни олиб ташламоқда. Натижада жамият кучли мотивацияга эга бўлмоқда. Бу тизим келажакда янада улкан ютуқлар олиб келади.

Яна бир ҳолатга тўхталишни истардим. Ҳозир ўзбек мутахассислари хорижий мамлакатларда меҳнат қилишяпти, университетларда дарс ўтишяпти, хамкорликда илмий тадқиқот олиб боришяпти.

Чет эллик мутахассислар маҳаллий дорилфунунларда эмин-эркин ишлашяпти. Масалан, мен дарсни инглиз тилида ўтаман, талабалар билан бемалол мулоқотга киришаман. Херо, ўзбек йигит-қизларида хорижий тилларни ўрганишга иштиёқ кучли. Муҳими, бунинг учун барча имконият, шароит бор. Айнан шу жиҳат тарқққиётнинг муҳим шартидир.

– Жаноб Глисон, келгуси режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Қайси фан бўлмасин, ўқитиш учун методология керак. Бусиз фан тараққий этмайди. Шунинг учун аксарият вақтимни методология билан шуғулланишга сарфлайман. Методологияни пухта эгалласангиз, воқеа-ҳодисага холис баҳо бера оласиз. Бир неча йилдан буён Шарқшунослик университети магистрлари ва бакалаврлари учун тизимли таҳлил, халқаро сиёсат ва халқаро муносабатни илмий тадқиқ этиш, халқаро сиёсатда ахборот технологияси бўйича машғулот ўтаман. Бу борада профессор Сайфиддин Жўраев билан бирга дунё миқёсида талабларга жавоб берадиган “Тизимли таҳлил” дарслигини яратдик. Ҳозир ҳамкорликдаги кейинги ишимиз – “Рақамли дипломатия” дарслиги устида ишлаяпмиз.

– Сайфиддин Аҳматович, навбатдаги саволимни Сизга бермоқчиман. Мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ижобий трансформация жараёни, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида нима дейсиз?

– Жавобни статистик рақамлардан бошласам. Кейинги йилларда олий таълим қамрови ошиб боряпти. 2015 йил тўққиз фоизни ташкил қилган бу кўрсаткич ҳозир 35-40 фоиз атрофида. Юртимиздаги мавжуд 209 олий таълим муассасасида айни пайт бир миллиондан зиёд талаба таҳсил оляпти. Илгари талабаларимизнинг умумий сони 250 мингни ташкил этган.

Ўзбекистонда олий таълим ислоҳоти аниқ дастур асосида амалга ошириляпти. Тизимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Кўплаб хорижий ОТМ филиаллари, хусусий ва янги давлат олий таълим муассасалари очиляпти. 2017 йил республикада 77 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатган, нодавлат ОТМ, деярли, бўлмаган.

Бугун 209 олий таълим даргоҳидан 114 таси давлатга қарашли, 65 таси нодавлат ва қолган 30 таси хорижий ОТМ филиали. Рақобат бор жойдагина ривожланиш бўлади. Бу орада тизимга хусусий сектор ҳам жадал кириб келмоқда.

Университет ва институтларга бошқарув ҳуқуқи, академик ва молиявий мустақиллик берилмоқда. Мустақил мақомга эга ОТМлар сони бу йил 41 тага етди. Яна бир янгилик: барча ОТМда кузатув кенгашлари тузилди, эҳтиёждан келиб чиқиб, тузилмага ўзгариш киритиш ваколати ҳам берилди.

Бундан ташқари молиявий масалада эркинлик берилди. Квота ҳам худди шундай, мустақил тарзда ҳал қилинади.

Энг муҳими, ислоҳотлар самара бера бошлади: 2022 йил саккизта олий таълим муассасаси мамлакатимиз тарихида илк бор Осиёнинг мингталик рейтингига кириб, ижобий кўрсаткич қайд этди. Ўзбекистоннинг 28 та ОТМ рейтингларга кирди.

– Жаноб Глисон, жамиятнинг турли соҳалари, хусусан, давлат бошқаруви тизимида, қолаверса, сўз ва ахборот эркинлиги борасидаги трансформация жараёни ҳақида фикр билдирсангиз.

– Албатта, очиқлик, айниқса, сўз эркинлиги бугунги кунда глобал алоқалар, иқтисодиёт ва савдо-сотиқ шароитида мамлакат ичида ва ташқарисида ҳар бир давлат учун стратегик аҳамиятга эга. Бу борада биз Ўзбекистонда янги ўзгаришларни, жиддий маъсулиятни кўряпмиз.

Яқингача мамлакат тўғрисида маълумот олиш қийин эди. Менимча, бу ҳолат мамлакат фуқароларига ҳам тегишли эди. Маълумотлар қандайдир шартлар асосида сир сақланарди. Ҳукумат қарорлари, раҳбарлар фаолияти билан танишиш, уларга савол билан мурожаат этишнинг иложи, деярли, йўқ эди.

2017 йилдан  бошлаб очиқлик, ошкоралик борасида улкан ўзгаришлар содир бўлди. Оммавий ахборот воситалари очиқ-ойдин ишлаш, зарур маълумотларни кенг тарқатиш имконига эга бўлди.

Мамлакатда блогерлар синфи пайдо бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим. Давлат идоралари фаолиятидаги мавжуд муаммоларни кўтариб чиқиш, расмий мутасаддилардан муносабат, интервью олиш орқали кенг оммага ахборот етказишнинг янги механизми ишлай бошлади. Бу жамоатчилик назоратини таъминлаш томон ташланган дадил қадамдир.

Бундан ташқари вазирлик, идоралар матбуот хизматлари фаолияти жонланди, ижтимоий тармоқ саҳифаларида шаффофлик таъминлана бошлади.

Авваллари хориж билан илмий-педогогик маълумот алмашиш фақат дипломатик каналлар ёрдамида амалга оширилар эди. Расмий шахслар ташриф қоғозида телефон рақами билан бирга электрон почта манзили ёзилиши йўлга қўйилди. Жузъий, аммо эътиборли воқеа бу!

Хуллас, давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, минтақавий ва халқаро масалалардаги изчил қадамлар натижасида Ўзбекистон жаҳон майдонида муносиб ўрнини топди. Мамлакатингиз ривожланган давлатлар, халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ, Европа Иттифоқи тизимлари билан билан муносабатни очиқлик асосида олиб бормоқда. Буларнинг бари Ўзбекистоннинг дунё миқёсида  объектив имижини оширишга ҳисса қўшмоқда.

– Сайфиддин ака, суҳбатимизни мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати мавзусида давом эттирсак. Айни жараён халқаро талабларга мос келадими?

– Очиқлик сиёсатини таъминлаш давлат даражасига олиб чиқилган, бунинг учун ташкилий-ҳуқуқий асос яратилиб, доимий равишда такомиллаштирилмоқда. Сўнгги йилларда бу борада сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат органларининг шаффофлиги таъминланиб, кенг жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкони яратилгани эътирофга лойиқ.

Ахборотдан умумий фойдаланиш учун очиқлик ҳолатини таъминлаш, маълумотнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар барча тоифадаги мансабдорлар ҳатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди. Бундан ташқари ҳукумат очиқлиги соҳасида 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш Концепцияси қабул қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентнинг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мавжуд.

Олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғона кўтарилиб, 44-ўринни, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади.

Сўз ва матбуот эркинлиги соҳасида кейинги йилларда барча давлат органлари ахборот хизматлари фаоллиги ошди, ташкилот ва идоралар фаолияти бўйича мунтазам матбуот анжуманлари, брифинглар ташкил этиш йўлга қўйилди. Масалан, 2022 йилнинг тўққиз ойи давомида мингга яқин матбуот анжумани ва брифинг ташкил этилди. Фаолиятни баҳолаш тизими йўлга қўйилгани эса ташкилотлар ахборот хизматлари янада фаоллашиб, ижобий кўрсаткичлар қайд этишига хизмат қилмоқда.

 

Суҳбатни ЎзА шарҳловчиси

Аброр Ғуломов олиб борди.