Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти фаоллари ва мутасаддилар билан ҳудудда саноатни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилмоқда.
Маълум қилинишича, кўп йиллар иқтисодиёти пахтага қарам бўлган Жиззах вилоятида янги саноат корхоналари барпо қилиш учун сўнгги олти йилда миллиардлаб доллар инвестиция жалб қилинди. Бунинг ҳисобига, 2 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилиниб, ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 баробарга ошган.
Олдин вилоятнинг саноат маҳсулоти асосан пахта толаси бўлган бўлса, ҳозирги кунда электротехника, оптик тола, автомобиль, мураккаб кимёвий моддалар, энерготежамкор материаллар каби юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Вилоятдаги саноат экспорти 1,8 баравар ошиб, 166 миллион долларга етган.
Бугунги кунда, саноатда 54 минг аҳоли банд бўлиб, шундан 6,5 минг нафари юқори малакали мутахассислар ҳисобланади.
Президентимиз иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, дунё бозорларига жадал кириб бориш ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, фақат ва фақат саноат орқали бўлишини, бу борада келгуси икки йилда Жиззахда автомобилсозлик ва металлургия соҳаларида йирик лойиҳалар ишга тушишини билдирди.
–Жиззах саноатининг ҳозирги жадал ривожланишини давом эттириб, 2023 йилда вилоят саноатини 14 фоизга ошириш керак, – деди давлат раҳбари.
–Бунинг учун Жиззахда жорий йилда 750 миллион долларлик 10 та йирик лойиҳа ва 580 миллион долларлик 110 та ҳудудий саноат лойиҳаси ишга туширилиши лозим. Бунинг ҳисобига саноатда 7,5 мингта янги иш ўрни яратилади.
ЎзА