Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекистон телерадиоси” номли китоб-энциклопедиянинг тақдимот маросими ўтказилди.

Тақдимот тадбирида мазкур уюшма раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмурод Салимов китоб-энциклопедия ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Айтиш жоизки, мазкур китоб-энциклопедия Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг шонли ва айни дамда машаққатли фаолият йўли ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятлидир.

1957 йилда ташкил этилган мазкур медиа тузилма миллий теле ва радио журналистикамизда ўзига хос улкан мактаб ва ижодий анъаналарни яратишга муваффақ бўлгани билан диққатга сазовордир. Китоб-энциклопедия миллий телерадио журналистикамиз ривожига улкан ҳисса қўшган ижодий ва техник мутахассислар, медиа соҳа дарғалари фаолияти, ижоди ҳақида ҳикоя қилади.

Маълумки, телерадио соҳаси наинки мухбир ва муҳаррирлар, балки режиссёрлар, тасвирчилар, монтажчилар, чироқ усталари, муҳандислар, кўплаб техник ходимлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Улар орасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” каби юксак эътирофга сазовор бўлган устозлар билан бирга “Олтин қалам” миллий мукофоти, “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида ғолиб бўлган телерадио ходимлари, Ватанимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлган ҳамкасбларимиз кўпчиликни ташкил этади.

“Ўзбекистон телерадиоси” номли китоб-энциклопедия умрини телерадио соҳасига бахшида этган ана шундай фидойи устозлар, журналистика соҳаси дарғалари, бугунги кунда самарали меҳнат қилаётган ходимларнинг фаолияти, ижод йўли ҳақида маълумот беради.

Тақдимот тадбирида “Ўзбекистон телерадиоси” номли китоб-энциклопедия хусусида батафсил сўз юритилди.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА