1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди.
Ўзбекистон Миллий архивида иккинчи жаҳон урушида республикамизга эвакуация қилинган 3 мингдан зиёд – 6 ойлик чақалоқдан тортиб 11-12 ёшгача бўлган болалар ҳақида маълумотлар қайд қилинган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти бош илмий ходими Муҳайё Исоқова билан суҳбатимиз ХХ асрдаги инсоният тарихида катта талафотлар ва тўлдириб бўлмас йўқотишларга сабаб бўлган иккинчи жаҳон уруши ва унинг асоратлари хусусида кечди.
– 1941-1945 йиллар халқимиз учун мураккаб ва оғир синовли бўлган. Шунга қарамай, фронт ҳудудларидан юртимизга келтирилган яқинларидан ажраб қолган, бошпанасиз миллионлаб аҳолига халқимиз ўз меҳри ва инсонпарварлик ёрдамини аямаган.
Мамлакатимиз фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланди. Уруш йилларида 1 млн. 500 минг инсон, улардан 250 мингдан ортиқ болалар эвакуация қилинган.
1941 йилдан бошлаб юзага келган озиқ-овқат танқислигини тартибга солиш мақсадида республикада «нон карточка»лари жорий этилди.
Тарихий ҳужжатларда келтирилишича, болаларни ўзлари катталарни назоратисиз Ўзбекистонга етиб келганлиги ҳам қайд қилинган.
1941 йил 26 сентябрида Кўчириш бўлими қошида Аҳоли кўчирилиши (эвакуацияси) учун масъул аппарат ташкил этилган. Октябрь ойи бошларида эса болаларни кўчириш бўйича Марказий бошқарма ўз фаолиятини бошлади. Статистик маълумотларга қараганда 2 ой давомида олиб борилган сермашаққат фаолият натижасида 443 мингдан ортиқ аҳоли қабул қилинган.
Асраб олинганлардан ташқари эвакуация қилинган болалар учун шаҳар ва вилоятларда кўплаб болалар уйлари ташкил этилди. Эвакуациянинг дастлабки кунларида Фарғона, Андижон вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги меҳрибонлик уйларига тарбияланувчилар юборилган.
Эвакуация қилинган болалар ўзбек оилалари томонидан ҳам тарбияга олинди. Масалан, ўша пайтда республика раҳбари бўлган Усмон Юсупов ўз оиласига уч нафар болани қабул қилган.
Кўчириб келинаётган болалар поезддан тушиши билан станциялар яқинида ташкил этилган ошхоналарда овқатлантирилган. Йўлда касалланган ва очликдан силласи қуриган болалар шифохоналарга жойлаштирилган. Шунингдек, ота-онасини йўқотган болаларни қариндошларини топиш ишлари ҳам ташкил этилган.
Уруш ветерани Маргарита Меркулова ўз хотираларида қуйидагиларни келтиради: «Мен, 1941 йилнинг августида «Вулкан» заводининг директори бўлган отам билан Тошкентга келганимда 9-синф ўқувчи эдим. Синфдошларим билан поезд вокзалида ташкил этилган ҳарбий навбатчиликка чиқар эдим. Поездлар кечаси соат 2:00-3:00 ларда келар эди. Биз 4 ёшдан 14 ёшгача оёғида базўр турган болаларга ёрдам берар эдик. Кўпчилик ота-онасини ва ҳатто ўз исмини ҳам билмас эди. Дастлаб, вокзалнинг ўзида уларга бўтқа ва ярим стакан иссиқ сув берилар эди. Айрим сабабларга кўра, болаларга ортиқча овқат беришни врачлар тақиқлаган эди. Кейин уст-боши дезинфекция қилиниб, сочлари олингандан сўнг ҳаммомга олиб борилган. Тонг отгач, улар тегишли тартибда жойлаштирилган».
БОЛАЛАРНИНГ ТАҚСИМЛАНИШИ…
Биргина Бухоро вилоятини олсак, кўчириб келтирилган болаларнинг тақсимланиши қуйидагича ҳал этилди. Донбасдан кўчирилган «Краков» номли болалар уйининг 180 нафар тарбияланувчилари Карманага, Сумский вилоятидан келган «Кузмин» номли болалар уйининг 100 нафар боласи Вобкентга, Харков вилоятидан келган 155 нафар болалар уйи тарбияланувчилари Ғиждувонга, 1-сонли «Славян» болалар уйининг 125 нафар тарбияланувчиси Бухорога, 2-сонли «Славян» болалар уйининг 100 нафар боласи Когонга, 177 поляк болалари Бухоро шаҳридаги меҳрибонлик уйига жойлаштирилди.
1941 йил 29 июлдаги ҳукуматнинг 904-қарорига асосан республикадаги барча қишлоқ ва шаҳар мактабларининг 7-10 синф ўқувчиларини ёши ва имкониятидан келиб чиқиб 6-8 соатлик қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа ижтимоий муассасалар ишларига мажбурий жалб этиш белгиланади. Шу тариқа, 14 ёшдан бошлаб болалар турли соҳаларда катталар билан бир сафда меҳнат қилишни бошлайди. Шаҳардаги болалар уйларининг қизлари тикув цехларида, ҳарбий госпиталлардаги ярадорларга қараш учун жалб этилса, ўғил болалар ҳарбий саноат корхоналарида ишлаган. Қишлоқлардаги ёшлар эрта баҳордан декабрь охирига қадар дала ишларига жалб этилган.
Бу даврда кўчириб келтирилган болаларни ўзбек оилалари қарамоғига олиш оммавий тус олган. Бу ўринда биз кўпроқ, 13 нафар қаровсиз қолган болаларни асраб олган, Сталинград ва Украина жанг майдонларидан жароҳати сабабли уйига қайтиб келган каттақўрғонлик Ҳамид Самадов, 14 нафар болани асраб олган тошкентлик темирчи Шомаҳмудовлар оиласини, 12 нафар фарзандга оналик қилган самарқандлик Фотима Ҳасановаларнинг жасорати ҳақида ўқиганмиз. Шу билан бирга, ўша давр машаққатини англаган деярли ҳар бир ўзбек оиласи ўз бағрига ота-онасиз қолган болаларни олган.
1942 йил январида республиканинг барча ҳудудларида кўчириб келтирилган болаларнинг маиший ҳаёти, моддий таъминотини ўрганиш ва назоратга олиш учун махсус комиссия ташкил этилган. Комиссиянинг вазифасига барча Болалар уйи тарбияланувчилари ҳамда ота-онасиз қолган болаларни ҳисобга олиш, уларни бошпана билан таъминлаш, оилалар ва ташкилотлар оталиғига тақсимлаб бериш, ёрдам пули, озиқ-овқат йиғишни ташкил этиш юклатилган.
Шу йилнинг ўзида кўчириб келтирилган болалар учун махсус жамғарма очилиб, ҳисобига ўзбекистонликлар 3,5 миллион рубль, озиқ-овқат ва 80 мингта иссиқ кийим-бош йиғилган.
Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хотини Баҳри Акрамова билан 14 нафар турли миллатга мансуб болани ўз тарбиясига олган. Уларнинг ўз фарзанди йўқ эди. Улар тарбияга олганлар орасида рус, татар, украин, беларусь, қозоқ, ўзбек, чуваш ва молдован миллатларига мансуб болалар бор эди.
Урушдан сўнг тўрт нафар болани қариндошлари топиб, ўз уйларига олиб кетишган. Шу оилада тарбияланганларнинг яна икки нафари (Муаззам ва Михаил) бир-бирини севиб қолишади ва турмуш қуришади. Болалардан бири Федор Кулчиковский (Шомаҳмудовлар оиласида унга «Йўлдош» деб исм берилган) 45 йиллик айрилиқдан сўнг Украинада ўз бувиси билан кўришади. Ўшанда бувиси Даря Кулчановская 104 ёшда эди.
Архивда сақланаётган яна бир ҳужжатга кўра 1942 йилда республикада 20000 минг боланинг овқатланишини таъминлаш учун очиқ ошхоналар очилган.
1942 йил сентябрига қадар республикага 9 918 нафар тарбияланувчилари билан бирга 78 та меҳрибонлик уйи ҳамда 20 650 нафар ота-онасиз қолган болалар кўчириб келтирилган. Барча болалар 1 сентябрдан мактабларга жойлаштирилиб, дарс жараёнлари бошланган. Уруш йилларида ўрта таълим муассасалари, айниқса қишлоқ мактаблари фаолияти оғир кечган. Умумий ҳисобда мактабларнинг 31% дарсликлар билан таъминланган.
Дарсликлардан ташқари таълим жараёни учун энг долзарб муаммолардан бири – дафтар ва ручкалар етишмаган. Масалан, ўқув йилида ҳар бир ўқувчига 2-3 та дафтар ва 1 та сиёҳдон тўғри келган, атиги 21 фоиз мактаб сиёҳ билан таъминланган. Мактабларнинг ўзи табиий йўл билан рўян ўсимлигидан сиёҳ тайёрлаган. Таълим тизимининг энг оғриқли муаммоси, бу – фан ўқитувчиларини урушга сафарбар этилиши натижасида муаллимлар етишмаслиги юзага келган. Шу сабабли 1943 йилдан ҳукумат ўқитувчиларни ҳарбий хизматга чақиришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган.
«ДЯДЕНЬКА, ДАЙТЕ ХЛЕБ»
Ҳамид Саматов Иккинчи жаҳон уруши йилларида икки марта қаҳрамонлик кўрсатади. Биринчиси – Сталинград ва Украина жанг майдонларида бўлса, иккинчиси – фуқаролик бурчини адо этишда.
1944 йил. Урушда оғир жароҳат олиб уйига қайтаётган Ҳамид Самадов Каттақўрғон вокзалида ёғоч уйча ичида совуқдан яшириниб ўтирган болага кўзи тушади.
Болакай унга: «Дяденька, дайте хлеб», деб юзланади. Ҳамид йўл халтасидаги бир бўлак нонини унга беради. Болакай нонни емасдан, «Дяденька, дайте еще», дейди яна.
Урушдан уйига оғир жароҳат билан қайтган Ҳамид шу каби 13 нафар қаровсиз қолган болани асраб олиб, катта қилади.
У кўчада қаровсиз қолган болани кўрса, чидаб тура олмаган, уйига олиб келаверган. Бир сафар уч болани, яна бир сафар кучугидан ажралишни истамаган болакайни кучуги билан бирга уйига олиб келган.
Энг қийин очарчилик вақтларни Ҳамид шундай эслайди. «Уйда 13 болакай, озиқ-овқат қолмаган. Болалардан икки нафари очликдан ўлиш арафасига келиб қолган».
Ўшанда, у шинель ва этигини олиб бозорга чиқади ва уларни тўрт халта кепакка алмаштириб келади. Болалар хурсанд бўлади. Лекин эртаси куни военком уни ҳарбий кийимсиз кўриб, қаттиқ койийди:
– Сен нима, фронтовик бўла туриб, шинель ва этигингни сотиб ичдингми? Ахир бу шармандалик-ку, – дея жаҳл қилади у.
– Йўқ, ўртоқ полковник, – дея жавоб қайтаради Ҳамид Самадов. – Мен болаларимга овқат сотиб олиш учун сотдим.
– Нечта боланг бор? – деб савол берилганда Ҳамид «13 нафар», деб жавоб беради. Полковник унинг сўзларига ишонмай, шу куннинг ўзидаёқ Ҳамиднинг уйига машинада келади. Вазиятни кўриб, бирон сўз айтмай, уни бағрига босади.
Шундан сўнг уч йил давомида полковник унинг оиласига ёрдам юбориб туради.
«Ўша, очарчилик йилларида бу жуда катта ёрдам бўлди», дея эслайди Ҳамид.
Тошкентга кўчириб келтирилган болалар ёзувчиси Корней Чуковский ўз хотирасида «Тошкентга келиб, бир нарсадан ҳайратландим – Болалар уйлари олдида одамлар тарбияланувчиларни асраб олиш учун узоқ навбат кутиб турар эди», дея ёдга олган.
Мазкур жараён рус ёзувчиси Константин Симоновнинг «Тирик ва ўликлар» романида ҳам акс эттирилган. Муаллиф шундай хотирлайди: «Бир кечада темир йўл вокзалида ётган минглаб болаларни кўриш мумкин эди. Тонг отгач эса бирон киши қолмаган, уларнинг ҳаммаси одамлар ўз уйларига олиб кетган».
ДАВОМИ БОР…
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА