Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар беришча, бугундан Хитойнинг “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd” авиакомпанияси Сиан – Тошкент – Сиан йўналиши бўйича парвозларни тиклайди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, авиакомпания мазкур рейсларни пандемия туфайли вақтинча тўхтатган эди. Жорий йил 10 февралда эса пандемиядан кейинги биринчи парвоз амалга оширилади.

“Мунтазам парвозлар “Airbus A320” самолётларида ҳафтада бир марта – жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

Маълумот учун, “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.” авиакомпаниясининг Сиан – Тошкент – Сиан йўналиши бўйича илк чартер рейси 2019 йилнинг 27 сентябрида амалга оширилган. Ўшанда 173 кишига мўлжалланган “Airbus A320neo” самолёти Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнган.

Шунингдек, айнан “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.” авиакомпанияси ҳамкорлигида Хитойнинг Сиань, Ханчжоу каби шаҳарларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тарғиб қилинган. 2020 йилнинг 10 январь куни авиакомпания томонидан Ченду – Тошкент – Ченду биринчи чартер рейси йўлга қўйилган. “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd.” авиакомпанияси 2012 йилда ташкил топган.

 

ЎзА