Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркиянинг Қаҳраманмараш вилоятида содир бўлган 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилаларни «аср фалокати» деб атаган ҳолда бу аянчли ҳодисани “замонамизнинг энг катта табиий офатларидан бири” деб изоҳлади.

БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида матбуотга берган интервьюсида Гутерриш шундай деди: “Биз кўплаб қурбонлар учун қайғуряпмиз. Афсуски, фожиали қурбонлар сони ортишда давом этмоқда. Минглаб бинолар вайрон бўлди. Ўн минглаб одамлар совуқ қиш шароитида уйларидан айрилди. Мактаблар ва шифохоналар вайрон бўлди. Ачинарлиси, болалар жуда кўп жароҳатларни бошдан кечирмоқда”.

Гутерриш, шунингдек, ҳозирда гуманитар инқирозга юз тутаётган Сурия шимоли-ғарбидаги зилзиладан сўнг одамлар “қўрқинчли туш”ни бошдан кечираётганини қўшимча қилди. Шу билан бирга, ташкилот Бош котиби, Туркия ўн йилдан ортиқ вақт давомида 3,6 миллион суриялик қочқинни қабул қилишда “мисли кўрилмаган сахийлик” кўрсатганини айтди.

“Аср фалокати”дан сўнг БМТ “Туркия ҳукуматига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр”. Бош котиб халқаро ҳамжамиятни Туркия томонидан миллионлаб қочқинларга берилган ёрдам, “қўллаб-қувватлаш ва саховат”ни ҳозирги кунда Туркия ва Сурия халқига кўрсатиш учун айни вақти эканлигини айтиб ўтди.

 

ЎзА