Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан маблағларнинг ноқонуний айланиши, ўзлаштирилиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш чоралари кўрилмоқда.

“Д.Т.” масъулияти чекланган жамиятига мотокультиватор, мини трактор ҳамда парранда озуқалари ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун 530 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган.

Бироқ, жамият раҳбари А.У. ва бошқалар шартномада кўрсатилган техника ва ускуналарни харид қилмасдан, маблағни бошқа корхоналарга ўтказиш орқали нақдлаштириб олган. Бу Департаментнинг Пастдарғом тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.

Департаментнинг Кўкдала туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “Q.B.” хусусий корхонаси раҳбари Б.Б. 18 нафар фуқарога иссиқхоналар қуриб бериш ҳамда артезиан қудуғини қазиш учун ажратилган 492,3 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали талон-торож қилгани аниқланган.

Фуқаро О.Х. ва бошқалар 12 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз сохта маълумотлар орқали уларнинг номига тижорат банки филиалидан 212 миллион сўм микроқарз ажратилишига эришган. Мазкур фирибгарлик ҳолати  Департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фош этилди.

Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “A.B.” масъулияти чекланган жамияти ва “Я.Б.И” компанияси масъул шахслари Кегейли туманида аҳоли учун дам олиш масканини қуришда амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 214,3 миллион сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганини аниқлади.

Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г.Р. фуқаро Ж.Т.га 10 миллион  сўм эвазига гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Ховос шаҳарчасида янги қурилган уйлардан бирини субсидия асосида олиб беришга ёрдамлашишни ваъда қилиб, олдиндан 5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Г.Р. 2022 йилнинг декабрь ойида фуқаролар Д.Н. ва А.Н.нинг ишончига кириб, уларга субсидия орқали уй-жойга муҳтож оилаларга ажратиладиган хонадондан бирини олиб бериш эвазига 10 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА