Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида ёшларни бепул касб-ҳунарга йўналтириш маркази фаолият бошлади.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа этиб белгиланган эди. Жорий йил 20 январь куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда мактаблардаги сифат ҳали талаб даражасида эмаслиги, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётганлиги қайд этилди.
Мазкур йиғилишда белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги 14-умумтаълим мактабининг бўш турган биноси қайта реконструкция қилиниб касб-ҳунарга йўналтириш маркази ташкил этилди.
Марказда ўқувчилар 6 та йўналиш, жумладан, устачилик, чет тилларини ўрганиш, мобил телефон таъмирлаш, аёллар сартароши, тикувчилик ва қандолатчилик бўйича амалиёт ва билим кўникмаларини олишади. Бундан ташқари, мактаб ҳудудида қуёнчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳамда иссиқхонада маҳсулот етиштириш бўйича касбга йўналтириш назарда тутилган.
Иштирокчилар марказда ўқувчи ёшларга яратилган шароитлар билан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА