Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишлаб “Алишер Навоий – дўстлик ва адолат куйчиси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда ўтказилди. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев Алишер Навоий асарларида улуғланган ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ғоялари бугун ҳам ғоят долзарб эканини таъкидлади.
– Инсон қадри, аёлларга ҳурмат, ёшлар тарбияси ва бошқа барча долзарб масалалар Навоий асарларида ўз ифодасини топган, – деди адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков. – Алишер Навоий даврида ва ундан кейин яшаган шоир борки, барча туркий халқлар шоирлари уни ўзига устоз, мураббий, деб билганлар. Унинг асарларида инсонийлик юксак бадиий оҳангларда куйлангани сабабли ҳам дунё аҳли томонидан ҳамон катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Навоий ўз хазинаси билан бу дунёнинг мантиқсизлик ва чалкашликларига барҳам беради.
Тадбирда таъкидланганидек, она тилимизга муҳаббат, унинг беқиёс бойлигини эътироф этиш айнан Алишер Навоий асарлари билан кириб келди.
– Тушкунликка тушган инсон Навоий асарларини ўқиса таскин топади, – деди Республика қозоқ миллий маданият маркази раҳбари Серикбой Усенов. – Алишер Навоий шеъриятини қозоқ тилига таржима қилиб, мактабларга, хонадонларга тарқатаяпмиз. Аслида Навоий ижодини ўрганишга инсон умри етмайди. Лекин шундай бўлса-да, Навоий асарлари эзгуликка, олижанобликка чорлаши билан биз учун доим қадрли бўлиб қолаверади.
Тадбирда Навоий асарларининг жаҳон тилларига таржимаси, унинг асарларидаги умумбашарий ғоялар хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,ЎзА мухбири