“Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институтида олима аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар учун илм-фан билан шуғулланишлари борасида яратилган имкониятлар ҳақидаги китоблар, рисолалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Республика “Оқила аёллар” ҳаракати етакчиси Ойниса Мусурмонова, “Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева аёллар ва қизларнинг илм-фан билан шуғулланиши учун тенг имкониятлар яратиш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади. Мазкур эзгу мақсадлар йўлида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар тўғрисида”ги резолюциясида 11 февраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни деб эълон қилинган.
“Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот маркази томонидан аёл-қизларни фан соҳасига кенгроқ жалб этиш, олима аёллар сафини кенгайтириш, улар фаолиятини ривожлантириш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича кўплаб илмий изланишлар олиб борилмоқда. Долзарб мавзудаги рисолалар, қўлланмалар, монографиялар яратилмоқда.
Жумладан, “Оқила аёллар – фаровон оила таянчи” услубий қўлланмаси Президентимизнинг оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида илгари сурган ғояларига мувофиқ “Оқила аёллар” ҳаракатининг бугунги кундаги долзарб вазифалари, оилавий муносабатлар, фарзандларнинг бурчи ва масъулияти, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, аёл-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, бандлик, гендер масалалари билан бирга зўравонлик, оиладаги маънавий муҳитни соғломлаштириш масалаларини кенг акс эттирган.
“Гендер экспертиза ўтказишнинг ҳуқуқий методологик асослари” қўлланмаси таълим жараёнида гендер муносабатлари, шахснинг гендер ривожланиши, шахсга йўналтирилган стратегиялар, индивидуалликни педагогик қўллаб-қувватлаш, гендер таълими учун маданий жиҳатдан мос муҳитни яратиш юзасидан маҳалла ва таълим тизимида фаолият олиб борувчи ходимларнинг ўз иш фаолиятида фойдаланиши учун мўлжалланган.
“Оила ва маҳаллада ногирон болаларни тўлақонли ижтимоий ҳаётга мослаштиришнинг мобиль ечимлари” услубий қўлланмасида ногиронлиги бўлган болаларнинг иқтидор, қизиқиш ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, касб-ҳунар сирларини ўргатиш орқали мустақил ҳаётга тайёрлаш, жамиятга интеграциялаш борасидаги амалга ошириладиган ишларнинг мобиль ечими ўз ифодасини топган.
“Оилада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – соғлом турмуш асоси” ҳамда “Оилалар барқарорлигини таъминлашда меҳнат миграциясининг таъсири” илмий-методик қўлланмалари “Хавфсиз маҳалла” тамойилининг асосий мезонлари, уларга асосланган тизимни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига тўлақонли ва самарали жорий этиш лойиҳаси доирасида тайёрлангани билан аҳамиятлидир.
Тақдимот тадбирида юқорида номи келтирилган барча қўлланмалар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Ёш олим ва тадқиқотчиларнинг оилавий зўравонликка барҳам бериш, эрта турмуш, ажримлар борасидаги тадқиқотларига оид келгусидаги режалар белгиланди.
Н.Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА