Пойтахтимиздаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида “Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш стратегияси”нинг расмий тақдимоти бўлиб ўтди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан Европа Иттифоқи ва Халқаро савдо маркази кўмагида ташкил қилинган тадбирда вазирлик, идоралар, ишбилармон доира вакиллари, халқаро ва миллий экспертлар иштирок этди.
Дастлаб иштирокчиларга мамлакатимизда барча соҳаларни рақамлаштириш, электрон муносабатни ривожлантириш, келажак бозор иқтисодиёти замонавий тараққиётини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Халқаро экспертлар фикрича, Ўзбекистон нисбатан қисқа вақтда рақамли иқтисодиётни турли соҳаларга интеграция қилиш бўйича сезиларли ютуқларга эришди. Республикада электрон тижорат экотизими, рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Шу билан бирга мақбул тараққиётга кўмаклашувчи қатор бошқа омиллар ҳам мавжуд. Хусусан, рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари парки (IТ-Парк) яратиш учун етарли даражада тайёрланган интернет инфратузилмаси зарур. Ҳудудларда рақамли кўникмани шакллантириш, яъни рақамли тўлов хизматини такомиллаштириш, миллий маркетплейслар – “tradeuz.com” ва “unisavdo.uz” яратилиши лозим.
Анжуманда “Ўзбекистон электрон тижоратни ривожлантириш стратегияси ва ушбу дастурнинг амалга оширилиши” мавзусида тақдимот ўтказилди. Шу билан бирга электрон тижорат ривожланиши жараёни, тадбиркор учун хизмат қиладиган янгилик ва қулайликларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Рақамли трансформация маркази томонидан ишлаб чиқилаётган янги лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, электрон савдо муҳим аҳамиятга, улкан салоҳиятга эга соҳа ҳисобланади. Ушбу йўналиш Европа Иттифоқи мамлакатларида ҳам жадал ривожланмоқда. Тузилма умумий соф даромадининг бешдан бир қисми электрон савдо ҳиссасига тўғри келади. Бу тизим орқали энг кўп фойдаланувчи давлат Германия, энг кўп миқдордаги харидни эса Дания амалга оширади.
– Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш стратегияси маҳаллий мутахассислар ва ЕИ экспертлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди, – деди Рақамли трансформация маркази директори Шерзод Содиқов. – Ушбу дастур қулай электрон тижорат муҳитини яратиш, жумладан, корхонанинг муваффақиятли рақамли трансформацияси кўникмасини шакллантиришга ҳисса қўшадиган асосий фаолиятни белгилайди. Ўзбекистон компанияларига минимал молиявий харажат билан янги бозорларга чиқиш, бизнес модели жараёни ва операцияларини такомиллаштириш имконини яратади. Ушбу лойиҳа тез орада мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қила бошлашига ишонамиз.
Гўзал Сатторова, ЎзА