Россия – Украина
АҚШ Президенти Жо Байден “PBS” телеканалига берган интервьюсида “Қўшма Штатлар маъмурияти Украина олдидаги вақтинчалик мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бу Киевга қатъий ёрдам беришини тасдиқлайди”, деди.
Америка етакчиси, шунингдек, “Киевга қанча ва нима зарур бўлса шунча ёрдам беришни давом эттирамиз. Зиддият давом этар экан биз қўлни қовуштириб ўтира олмаймиз”, деб қўшимча қилди.
Украина Президенти Владимир Зеленский кеча Парижда Президент Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашган. Бу ҳақда “France-Presse” агентлиги хабар берди.
Шунингдек, Лондонда Украина етакчисини Буюк Британия Қироли Карл III қабул қилди. Бу ҳақда Букингем саройига таяниб, “BBC” хабар берди.
Лондондаги Зеленский билан учрашувда Бош вазир Риши Сунак Буюк Британия Украинага узоқ масофага отувчи қуролларни кўпроқ етказиб бериши тўғрисида ваъда берган.
ЕИга аъзо давлат ва ҳукумат раҳбарларининг икки кунлик учрашувидаги асосий мавзу Украина зиддияти тўғрисида бўлади, дейилади матбуот учун тарқатилган баёнотда. Бир йил ичида илк марта Зеленскийнинг Брюсселда ЕИ олий мартабали вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтади.
НАТОга аъзо давлатлар Украинага етказиб берган ҳарбий, иқтисодий, гуманитар ва бошқа турдаги ёрдамларининг умумий ҳажми 120 миллиард доллардан ошиб кетди, деб маълумот берди Шимолий Альянс Бош котиби Йенс Столтенберг.
“НАТОнинг муҳим аъзоси – Қўшма Штатлар бу ҳаракатларда мисли кўрилмаган ишни бажармоқда”, деди у.
“Афсуски ҳали Москва тинчлик музокаралари ўтказиш ҳақида ўйламаяпти. Шу боис биз Украинага қурол-яроғлар етказиб беришни давом эттиришимиз керак. Келажакда улар қаторига Ғарбнинг жанговар самолётлари ҳам киради”, деб қўшимча қилди Бош котиб.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Вашингтонда Столтенберг билан музокаралар ўтказди.
Италия собиқ Бош вазири, сенатор, “Олға, Италия” партияси етакчиси Сильвио Берлускони Украина атрофидаги вазиятдан хавотир билдириб, “зиддиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг келажагини кўрмаётганини” айтди.
“ANSA” агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтиради: “Киев қон тўкиш ва вайронагарчилик кўринишида жуда юқори даражада жабр кўрмоқда. Бу эса турғунлик ва иқтисодий инқирозга олиб келади”.
Германия ҳукумати немис компанияларига захирадаги Украинага 178 тагача жанговар Leopard 1А5 танкларини экспорт қилишга рухсат берди. Бу ҳақда Германия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Германиянинг Европадаги ҳамкор мамлакатлари билан танкларни етказиб беришни молиялаштириш, украиналик ҳарбийларни мазкур техникадан фойдаланишни ўргатиш масалаларини яқиндан мувофиқлаштирилади.
Немис “Rheinmetall” компаниясининг бош директори Армин Паппергернинг берган маълумотига кўра, бу йил дастлабки 20-25 танк Украинага етказиб берилади. Қолган 88 техникани 2024 йил охирига жўнатиш режаланаётганини айтган.
Киевда совет учувчиси Валерий Чкалов ҳайкали олиб ташланди, деб хабар берди Украинанинг «Страна» нашри. Таниқли учувчи-синовчи Чкаловга ҳайкал 1981 йилда ўрнатилган эди.
Аброр ХОН, ЎзА