Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Экожурналистлар кенгаши томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган йиғилиш «Экология ва соҳага оид муаммоларни ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритиш бўйича таклиф ва тавсиялар» мавзусига бағишланди.

Асосан экология соҳасини ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмурод Салимов Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш мақсади ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, Уюшма қошидаги Экожурналистлар кенгаши фаолиятини жонлантириш, соҳага ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга ижодий-услубий ёрдам бериш бўйича жорий йил амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида сўз юритди.

Эркин мулоқот тарзида ўтган йиғилишда Экожурналистлар кенгаши раиси Н. Қосимова, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раисининг Ёшлар ва ОАВ билан ишлаш бўйича ўринбосари К. Жуманиёзов, Табиат ресурслари вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари И. Дўстмуродов ва бошқалар экология ва соҳага оид муаммоларни ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритишда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг ечими, ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Журналистлар Барно Султонова, Хонбиби Ҳиммат қизи, Ўлжабой Қаршиев ва бошқалар Уюшма қошидаги Экожурналистлар кенгаши ишини ривожлантириш, соҳага ихтисослашган ОАВ вакилларини рағбатлантириб бориш, кенгаш фаолларининг алоҳида телеграм гуруҳини ташкил этиш, экожурналистлар иштирокидаги пресс-турларни кўпайтириш каби масала ва муаммолар бўйича фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлади.

Йиғилишда кейинги ўқув йилидан журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида экожурналистлар тайёрлаш бўйича алоҳида йўналишлар очиш, мактаб дарсликларига ўқувчиларнинг экологик билимларини оширишга қаратилган қўшимча маълумотлар киритиш бўйича билдирилган таклифларни тегишли вазирликларга юбориш, ҳар чоракда энг фаол экожурналистни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан рағбатлантириб боришга келишиб олинди, дея хабар беради Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати.

ЎзА