7 феврал куни Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Туркияга етиб борди. Айни пайтда улар 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилувчи Ҳатай вилоятининг Овакенти ва Жумабозор қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.
Бугун, 8 феврал соат 8:00 га қадар 132 м.кв. майдонда 430 метр.куб вайроналарни тозалаш ишлари бажарилган ва 9 киши (5 нафар эркак ва 4 нафар аёлдан иборат) тирик ҳолда қутқарилган. Яна 12 нафар қурбоннинг жасади вайроналар остидан олиб чиқилиб,
9 нафар турли хилдаги тан-жароҳатлари билан қутқарилган инсонларга жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Қутқарув ишлари 24 соат узлуксиз йўлга қўйилган. Бунда Ўзбекистонлик қутқарувчиларга Туркия Миллий қутқарувчилар гуруҳи (UMKE) мутахассислари ёрдам бермоқда.
«Анадолу» агентлигига кўра, Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 894 нафарга етган, 34 810 киши турли кўринишда жабрланган. Шунингдек, ер силкиниши оқибатида вайроналар остидан 8 минг киши қутқарилган.