Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Туркманистон халқи ва Ҳукумати номидан ҳамда шахсан ўз номимдан Сиз ва биродар ўзбек халқига Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан самимий табриклар ва энг эзгу тилакларни йўллаш мен учун катта шарафдир.

Ўтган йиллар давомида анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч ришталарига асосланган икки томонлама биродарлик алоқалари ҳамкорликнинг тобора янги йўналишларини қамраб олган ҳолда муттасил ривожланди.

Бугунги кунда Туркманистон – Ўзбекистон муносабатларининг мазмуни давлатлараро шерикликнинг устувор йўналишлари ва истиқболларига нисбатан қарашларимизда ҳам, глобал ривожланиш тенденцияларига оид қарашларимизда ҳам ўртамиздаги ўзаро англашув билан белгиланаётганини мамнуният билан қайд этишни истардим.

Туркманистон ва Ўзбекистонни халқаро ҳаётга оид муҳим масалаларга ёндашувларнинг ўхшашлиги ёки мослиги боғлаб туради.

Бу мамлакатларимизнинг халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида йўлга қўйилган тизимли ҳамкорлигида ҳам ёрқин ифодасини топмоқда.

Ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар ҳам яхши суръат намойиш этмоқда, савдо айланмаси мунтазам ошиб бормоқда, энергетика, транспорт-коммуникация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам фаол равишда кенгаймоқда.

Маданият, илм-фан, таълим соҳаларидаги икки томонлама алоқалар ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Бу эса халқларимизни янада яқинлаштириш, азалий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш учун кўприк вазифасини ўтамоқда.

Туркманистон ва Ўзбекистоннинг стратегик шериклиги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан бундан кейин ҳам умумий фаровонлик йўлида жадал суръатлар билан ривожланиб, мустаҳкамланиб боришига ишончим комил.

Сўзим якунида Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса бардавом тараққиёт ва равнақ тилайман.

Чуқур эҳтиром ила,

Сердар БЕРДИМУҲАМЕДОВ,

Туркманистон Президенти