Мамлакатимизда бизнес ва инвестициялар йўлидаги турли тўсиқлар олиб ташланиб, очиқ ва қатъий сиёсат олиб борилмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки каби йирик халқаро молия институтлари ва ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишида муҳим омил бўлди.

Олиб борилаётган фаол ташқи сиёсат натижасида республикамизга инвестиция киритаётган мамлакатлар географияси ҳам кенгаймоқда. 2022 йилга келиб, иқтисодиётимизга инвестиция киритган мамлакатлар сони 50 дан ортди. Уларнинг орасида Россия, Хитой, Туркия, Германия, Жанубий Корея каби мамлакатлар етакчилик қилмоқда.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари таҳлилларига кўра, мамлакатимизга киритилаётган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 2017 йилда 3,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йил якунида ушбу кўрсаткич уч баробар ортиб, 9,8 миллиард АҚШ долларига етди. Бунинг натижасида хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами инвестициялардаги улуши 23,8 фоиздан 40,5 фоизгача ортди.

Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 2017 йилда 2,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022йилга келиб 3,4 баробар ошди ва 8,5 миллиард АҚШ долларига етди. Уларнинг жами инвестициялардаги улуши эса 17,7 фоиздан 35,4 фоизгача ошди.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Дейлик, 2017 йилда 5,5 мингтани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб, уларнинг сони 15,8 мингтага етди.

Бунинг 6,4 мингтаси қўшма корхона, 9,3 мингтаси тўлиқ хорижий корхона ҳисобланади. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг 30,5 фоизи савдо, 27,5 фоизи саноат, 8,0 фоизи қурилиш, 4,8 фоизи қишлоқ хўжалиги, 4,1 фоизи яшаб туриш ва овқатланиш муассасалари, 2,9 фоизи сақлаш ва ташиш, 4,8 фоизи алоқа ва ахборот йўналишларида, 17,4 фоизи бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда.

 ЎзА