Ягона интерактив давлат хизматлари портали – ЯИДХП (my.gov.uz) орқали янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини буюртма қилган 2 мингдан ортиқ фуқарога ҳужжат почта хизмати орқали етказиб берилди.

Бунинг учун БҲМнинг 70 фоизи (210 минг сўм) миқдорида ҳамда почта хизмати учун 25 минг сўм тўлов амалга оширилади, – дейди Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева. – Марказ ходими келиб тушган буюртмани кўриб чиқиб, чоп этган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизматига топширади. Мазкур хизмат ходими эса икки иш кунида ҳужжатни манзил бўйича етказади ва буюртмачидан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонни олиб, янгисини тақдим этади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида жорий этилган туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш тартиби асосида мингдан ортиқ QR-код қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномалар тақдим этилган.

Яна бир янгиликлардан бири Ҳукуматнинг 2022 йил 29 сентябрдаги 540-сон қарорига асосан Тошкент шаҳрида туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш тартиби жорий этилди.

Эндиликда бола туғилиши билан тиббиёт муассасаси у ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни, жумладан, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги маълумотларни махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига ахборот тизими орқали юборади.

ФҲДЁ бўлими туғилганликни қайд этади ва QR-код қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига юборади. Тиббиёт муассасалари ушбу маълумотномани боланинг ота-онасига тақдим этади.

Маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш тақиқланади.

Туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳнома фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб берилади.

Бугунги кунда тиббиёт муассасалари томонидан мингдан ортиқ QR-код қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномар тақдим этилган.

Йўлга қўйилган янгиликлардан навбатдагиси – лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини янада ривожлантириш, соддалаштириш, бу борада бюрократизм, сансоларлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этишдир.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 566-сон қарорига мувофиқ эндиликда Лицензия ахборот тизими орқали фойдаланиш, тугатиш ва консервация қилишда нефть ва газ қудуқларини ўтказиш далолатномаси, шунингдек, шахталарни (конларни) бир тоифадан бошқасига ўтказишни тасдиқлаш ва келишиш тўғрисида хулосани ҳамда тоғ-кон ишларини юритиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олиш имкони яратилди.

Эндиликда хизматдан фойдаланувчи юридик шахслар рухсатнома олиш учун аризани “Litsenziya” AT ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали юборишлари мумкин. Берилган ариза белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса,  рухсатнома автоматик равишда шаклланиши белгиланган.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзA