Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайловни самарали ташкил этиш бўйича тайёргарлик жараёнлари кетмоқда.

Таъкидлаш жоизки, миллий парламентимиз ҳузуридаги Ёшлар парламенти 2020 йилдан бошлаб ўз фаолиятини олиб бормоқда. Унинг асосий мақсади ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва рағбатлантириш, ёш авлоднинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги фаол иштирокини таъминлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишдан иборат.

Ёшлар парламенти ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлиги жараёнларидан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг раиси Шаҳноза Жолдасова билан Ёшлар парламентига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнлари хусусида суҳбатлашдик.

— Ёшлар парламентига сайлов қай тартибда ташкил этилади?  

—Ёшлар парламентига сайлов ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, йигит-қизларда баҳс-мунозара маданиятини шакллантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар бир партиянинг ёшларга оид таклиф ва ташаббусларини илгари суриш, вакиллик органларига номзодлар захирасини шакллантириш, муносиб ёшларни Ёшлар парламентига сайлаш мақсадида ўтказилади.

Сайлов икки ярим йилда бир маротаба 3 босқичда бўлиб ўтади. Жумладан, 1-босқич — тегишли округдаги туманларда саралаш орқали ташкил қилинади.  2-босқич — партияларнинг ҳудудий кенгашлари миқёсида ўтказилади. 3-босқичда эса якуний (республика) босқичи ўтказилади.

— Сайловда иштирок этиш истагида бўлган ёшларга қандай талаблар қўйилади ва кимлар сайловда номзод сифатида рўйхатга олинмайди?  

— Сайловда иштирок этадиган номзодлар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган олий (тугалланмаган олий) маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, сиёсий партияга аъзо ёки хайрихоҳ фаол ёшлар бўлиши лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ёрдамчилари ва партия тизимида фаолият юритувчи ходимлар ҳамда Ёшлар парламентига аввалги сайловда сайланганлар номзод сифатида ҳужжат топшириши мумкин. Номзодлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг округидан бўлиши шарт. Шу билан бирга, мазкур сайловда ҳам гендер тенгликка эътибор қаратилган ҳолда номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши керак.

Бундан ташқари, сайловнинг биринчи ва иккинчи босқичида номзодларнинг давлат тилидаги саводхонлик даражаси, сиёсий партия фаолиятидаги иштироки, қонунчилик соҳасидаги билим ва кўникмаси, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлари, давлат бошқарувига оид билими, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати ҳамда етакчилик қобилияти кабиларга эътибор қаратилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган ёшлар эса номзод сифатида рўйхатга олинмайди.

— Ёшлар парламентига сайловлар қачон бўлиб ўтади?  

— Сайловнинг 1-босқичи, яъни туманлар доирасида саралаш жараёни жорий йил 23 январь – 6 февраль кунлари, 2-босқичи — партияларнинг ҳудудий кенгашлари миқёсида 6-15 февраль оралиғида, 3-босқич, яъни якуний босқичи эса 5-22 февраль оралиғида ўтказилади.

Мазкур сайловда иштирок этиш истагида бўлган, парламент ҳаётига қизиқадиган 18-30 ёш оралиғидаги ёшлар ўзи аъзо бўлган сиёсий партиянинг туман бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.


Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.  

ЎзА