«Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар сони 8,8 минг кишини ташкил этди. Улардан 16,4 фоизи ёки 1,441 минг киши Россия Федерациясига кўчиб кетган», – дейилади Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси берган маълумотда.

Қўмита маълумотида келтирилишича, 2021 йилда  Ўзбекистондан 20,1 минг киши доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетган. Уларнинг  30,5 фоизи ёки 6,14 минг киши Россияга кетган эди. Бир йил ичида Россияга кетувчилар сони 4,3 баробарга камайган. 2019 йилда, яъни  коронавирус пандемияси бошлангунга қадар 8,97 минг нафар ўзбекистонлик доимий яшаш учун Россияга кетган. 

Доимий яшаш учун хориждан Ўзбекистонга келганлар сони 2022 йилда 21 фоизга ўсиб, 2,3 минг кишигача етган. Шулардан 813 минг киши Россия Федерациясидан кўчиб келган.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон статистика қўмитаси республикада рус миллатига мансуб фуқаролар сони 2017-2020 йилларда 1,3 фоизга камайиб, 720,3 минг кишини ташкил этишини маълум қилганди.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистон аҳоли сони 4 фоизга кўпайиб, жами 36,02 миллион кишини ташкил этган.