Куни кеча “Кабар” агентлиги Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори Канатбек Азиз билан айни мавзуда мулоқот уюштирди. Суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муаммоларни ҳал этишда давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани таъкидланган.
Мухбир сўнгги пайтда Марказий Осиё давлатлари юқори мартабали расмийлари, эксперт ва таҳлилчилари иштирокида минтақавий интеграция масаласига бағишланган бир неча йирик тадбир уюштирилганини таъкидларкан, дастлаб мутахассиснинг нима сабабдан ушбу мавзу долзарб аҳамият касб этгани ҳақидаги фикри билан қизиқди.
– Аслида, собиқ иттифоқ парчалангандан кейин Марказий Осиё мамлакатлари бир неча бор интеграциялашув жараёнини йўлга қўйишга уринган, – дейди Канатбек Азиз бу саволга жавоб тариқасида. – Адашмасам, мазкур масалани илк бор Нурсултон Назарбоев кўтарган ва ҳозирча бунга эрта, деган эди. Бугунги кунда эса минтақавий лойиҳаларга кучли эҳтиёж юзага чиқди. Ушбу масалани ҳар ким ҳар хил тушунади: қарор қабул қилишдан тортиб, экспертлар, фуқаролик жамияти фикрларигача.
Ҳозир дунё тез ўзгаряпти. Воқеалар жадаллиги, тиғизлиги даражаси жуда юқори. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, энди вазият аввалгидек эмас. Мавжуд муаммоларни жипсликда бартараф қилиш, «қийин кунлардан» биргаликда ўтиш шарт.
Масалан, Марказий Осиё учун жуда долзарб ҳисобланган иқлим ўзгариши оқибатига бир мамлакат даражасида курашиш бефойда. Бунинг учун минтақадаги барча давлатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш зарур. Акс ҳолда ҳудудимиз саҳрога айланади.
Эксперт интервью давомида минтақа давлатларининг икки ва кўп томонлама шериклигига доир масалага ҳам қисқача тўхталди.
– Давлатларимиз раҳбарларининг ҳамкорликни кенгайтиришга нисбатан сиёсий иродасини эътироф этиш керак. Кейинги йилларда бу ёндашув янги ижобий мазмун, тушунча касб этмоқда. Минтақа учун синергик таъсир кўрсатадиган ҳамкорлик мисоллари пайдо бўлмоқда. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара масаласи худди шундай тарзда ҳал қилинди. Айни воқеа аллақачон тарихга кирди. Узвий ҳамкорлик жараёнини бошлаб берадиган бундай қарорлар келажак учун жуда муҳим.
Г.Сатторова тайёрлади.
ЎзА