Бироз олдин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси раҳбари Садир Жапаровнинг таклифига биноан, 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга бориши ҳақида хабар берган эдик.
Шу муносабат билан ЎзА мухбири айни пайт Тошкент шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этаётган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевдан қисқа интервью олди.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи мазмунли ўтишига ишонаман, – деди Ж.Кулубаев. – Тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар алоқани мустаҳкамлаш.
Қардош давлат ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари суҳбат давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон азалий қардош юртлар, халқларимиз эса биродар, “оға-ини” эканини алоҳида қайд этди. Бишкекда ўтадиган музокарага алоҳида тўхталаркан, у икки томонлама муносабат янги босқичга кўтарилиши, айниқса, савдо-инвестиция, туризм, аҳоли ўртасидаги мулоқот барқарорлашишига умид билдирди.
Беҳруз Худойбердиев, Дониёр Якубов (видео), ЎзА