Американинг Microsoft корпорацияси штатнинг қарийб 5 фоизини, яъни, тахминан 10-11 минг ходимни қисқартиришни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Sky News телеканали.
Sky News маълум қилишича, АҚШнинг дастурий таъминот гиганти бир неча кун ичида бутун дунё бўйлаб кўплаб иш ўринларини қисқартириш режаларини эълон қилиши мумкин.
Телеканалнинг аниқлик киритишича, 220 мингдан ортиқ киши ишлайдиган Microsoft компанияси ходимларининг тахминан 5 фоизини қисқартирмоқчи, бу эса 11 минг иш жойини ташкил қилади.
Хабарга кўра, иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви компанияни шундай чоралар кўришга ундаган.
«Кўпчилик сармоядорлар Microsoftни ҳар қандай бўронга бардош бера оладиган йирик ва барқарор бизнес сифатида қарашса-да, компаниянинг заиф томонлари бор, уларнинг баъзилари макро таназзул туфайли кучайиши мумкин», – дейди Guggenheim таҳлилчилари.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Microsoft корпорациясига 1975 йилда Билл Гейтс ва Пол Аллен томонидан асос солинган. Бош қароргоҳи Вашингтон штатининг Редмонд шаҳрида жойлашган. Компания дастурий таъминотни ишлаб чиқишга ихтисослашган, хусусан, Microsoft Windows операцион тизимини ишлаб чиқди.
ЎзА