Япония ҳукумати жанговар каллагини алмаштирса бўладиган минг километргача учадиган қанотли ракеталарни ишлаб чиқиш бўйича қарор қабул қилди, деб ёзмоқда «Иомиури» газетаси хабардор мнбаларга таяниб.
Хабарда келтирилишича, ракетани яратиш ишлари келгуси молия йилидан (2023 йил 1 апрелдан бошланади) бошланиши мумкин. Таъкидланишича, ҳарбийлар ишлаб чиқилаётган янги қанотли ракетага учта турли хилдаги жанговар каллакни ўрнатиш имконига эга бўлишади. Уларнинг бири зарба бериш учун, иккинчиси разведка олиб бориш учун, учинчиси душманнинг ракетага қарши мудофаасини чалғитиш учун. Ракеталарни учириш учун юқори ҳаракатланувчи қурилмалар ишлаб чиқилади.
Газетанинг таъкидлашича, янги қанотли ракетани ишлаб чиқиш 2018 йилда бошланган бўлиб, ундан асосан, фавқулодда вазиятларда, жумладан, Япония оролларига бостириб киришга уринган душман кемаларини йўқ қилишда фойдаланилади.
Япония 2027 йилгача мудофаа учун харажатларни мамлакат ЯИМининг 2 фоизи даражасигача кўтаришни режалаштирмоқда. Бу тахминан 11 триллион иена (81 миллиард доллар)ни ташкил этади.