Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига Корея Миллий спорт университети президенти бошчилигидаги делегация келди.
Икки олийгоҳ раҳбарияти ўртасида ташкил этилган учрашувда Корея Миллий спорт университети президенти жаноб Ёнгкю Аҳн ва унинг рафиқаси Ким Мира хоним, университет декани Хил Эун Баэ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Махмуджон Болтабаев, университет профессори Баек Мун Жонг, проректорлар, факультет деканлари, кафедра мудирлари, Олимпия ўйинлари чемпионлари Руслан Нуридинов ва Акбар Жўраевлар иштирок этди.
Томонлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илм-фан ва амалиётни интеграция қилиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, келажакда ўқув-машғулотларни илмий асосда ташкил қилиш ва мураббийлар малакасини ошириш ҳамда талабалар ва ходимлар алмашинуви каби долзарб масалаларда фикр алмашди. Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Корея Миллий спорт университети ўртасида халқаро муносабатларни ўрнатиш бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ташриф якунида фахрли меҳмонлар университет раҳбарияти бошчилигида олийгоҳ ҳудудидаги мавжуд спорт иншоотлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Эслатиб ўтамиз, Корея Миллий спорт университети президенти бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистондаги ташрифи Самарқанд вилоятидаги диққатга сазовор жойларини бориб кўриш билан давом этади.
А.Мусаев,ЎзА.