Ҳукуматнинг жорий йил 6 январдаги «Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, республика қишки спорт мактабининг асосий вазифалари белгиланди.
Қишки спорт турлари бўйича ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, хорижий мамлакатларнинг қишки спорт турлари бўйича мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш шулар жумласидандир.
Республика қишки спорт мактаби 2024/2025 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди ҳамда мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.
Мактабни ташкил этиш ва спорт иншоотларини қуришда қишки спорт турлари (фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, ҳоккей) билан ўқувчиларнинг доимий машғулот ўтказишлари учун замонавий ёпиқ муз саройи ва очиқ спорт майдони ҳамда махсус тренажёр залига эга бўлиши лозим.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби Президентнинг 2022 йил 1 июлдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган.
ЎзА