Чемпионларни мағлуб этган Музаффар

Дзюдо бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг олтинчи куни ўзбекистонлик дзюдо ихлосмандларига бетакрор лаҳзаларни, чиройли беллашувларни туҳфа этганлиги билан ёдда қоладиган бўлди.

Кун давомидаги беллашувларда икки нафар ҳамюртимиз медаллар учун кураш олиб борди.

Қизлар ўртасида 78 килограмм оғирликда совринли ўринларга даъвогарлик қилган Ирисхон Қурбонбоева илк жангини польшалик Бита Пасут-Кложко билан ўтказди. Тенг курашлардан иборат асосий вақтда иккала спортчи ҳам натижага эриша олмади. Қўшимча вақтда эса Европа вакиласининг қўли баланд келди.

Давлат Бобоновнинг жаҳон чемпионлигига эришиши бугунги баҳсларда қайсидир маънода Музаффарбек Тўрабоевга руҳий далда бўлди. Бу ўтказилган ҳар бир учрашувда ҳамюртимизнинг руҳий устунликдаги ҳаракатида акс этди, гўё. Истеъдодли спортчимиз аввалига АҚШ, кейин Грузия, ярим финал остонасида Канада, ярим финалда Нидерландия вакилларини мағлуб этиб, финалга йўл олди.

Албатта, яккакураш спорт турларида, айниқса, дзюдо мусобақаларида олимпия ўйинларидан кўра, жаҳон чемпионати баҳсларида медалларга эга чиқиш жуда мушкул вазифа. Боиси, тўрт йиллик ўйинларда ҳар бир вазнда спортчилар рейтинг ва олимпия тизими ҳолатида ажратилаётган ўринлар асосида қатнашса, жаҳон чемпионатида иштирок этаётган ҳар бир спортчи камида ўз мамлакати чемпиони ёки жаҳон, олимпия ўйинлари совриндори ҳисобланади.

Шу маънода, Музаффарбекнинг олтин медаль остонасигача ўтказган ҳар бир кураши финал даражасидаги беллашув бўлди, дейиш мумкин.

Ҳамюртимизнинг канадалик Кайл Рейесга қарши баҳси ўта мураккаб кечди. Музаффарбек ҳарбийлар ўртасида, унинг рақиби эса ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони ҳисобланади. Ҳар икки чемпионнинг 35-жаҳон биринчилигида барча етакчи дзюдочиларни мағлуб этган тарзда финалда рўбарў келиши ҳам ўзига хос воқеа бўлди.

Канадалик спортчи Халқаро дзюдо федерацияси рейтингида 31-ўринда, Тўрабоев 27-поғонада бораётганлигига қарамасдан, истеъдодли спортчимиз имкониятни бой бериб турган холда ўз шиддатини намойиш қилди ва ҳақли равишда канадалик спортчини сўнгги сонияларда мағлуб этди.

Халқимизнинг алп фарзанди М.Тўрабоевнинг жаҳон чемпионатида олтин медалга эга чиқиши терма жамоамиз медаллари хазинасини 2 та олтин медаль билан бойитди ҳамда Ўзбекистоннинг 82 та давлат орасида 3-ўринга кўтарилиб олишини таъминлади.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири