2022 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсиб, 2,4 миллиард долларни ташкил этди. Бу эса Ўзбекистон томонидан GSP+ бенефициар мақомига эга бўлгани сабабли амалга оширилди.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтилди.
Учрашув давомида савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий соҳаларидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим техник тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чора-тадбирлари, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, божхона назорати ва бошқа йўналишларда европа инвестициялари ва тажрибасини жалб қилиш орқали икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш ва иқтисодий ривожланишни яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши доирасида ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. европа томони ушбу жараёнга техник ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишни давом эттиришини айтиб ўтди.
Европа Иттифоқининг 2021-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан ҳамкорлигининг 83 миллион евролик янги Индикатив дастури кўриб чиқилди. Дастурни қишлоқ ва сув хўжалигини модернизация қилиш, иқтисодиётни рақамлаштириш ва «яшил» технологияларни жорий этишга урғу бериб ривожлантириш ҳамда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш йўналишидаги лойиҳалар ва ташаббуслар билан бойитиш таклиф қилинди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ташаббуслар доирасида ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
ЎзА