9 август санаси нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон спорт олами учун ҳам тарихий кун сифатида ёдда қоладиган бўлди.
Айнан шу кун дунё аҳли Ўзбекистонни шахмат олимпиадасининг чемпиони сифатида тан олган, таниган бўлса, Туркиянинг Коня шаҳрида халқаро спорт майдонига янгича руҳ, янгича об-ҳаво олиб келаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
V Ислом бирдамлиги ўйинлари тантаналарининг ўзига хос жиҳати, унинг очилиш маросими муборак Қуръони карим оятларини ўқиш билан бошланди.
Маросимда ўйинларда иштирок этаётган 56 та мамлакат жамоалари тантанали параддан ўз байроқларини олиб ўтишди.
Ўзбекистон спорт жамоаси парадда байроқдор спортчиларимиз — таэквондо бўйича Олимпия чемпиони Улуғбек Рашидов ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати совриндори бўлган қиличбоз қиз Зайнаб Дайибекова етакчилигида сафланишди.
Эътиборли ҳолат, майдонда энг катта жамоа бўлган Ўзбекистон спортчилари сафида жаҳон ва олимпия ўйинлари ғолиблари, совриндорлари кўриниш берганда минглаб томошабинлар гулдурос олқишлар, ҳайқириқлар билан вакилларимизни қаршилашди.
Маросимда иштирокчи давлат спортчиларини, фахрий меҳмонларни қутлаб Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған нутқ сўзлади ва Ислом бирдамлиги ўйинларини очиқ, деб эълон қилди.
Шундан сўнг ўзига хос мусиқа садолари янгради, театрлаштирилган саҳна, ранг-баранг жилолар, раққослар ажиб кўринишлар ҳосил қилишди, мураккаб композицион ҳаракатлар кенг майдон узра ва ҳавода тасвирланди.
Бевосита V Ислом бирдамлиги ўйинларининг баҳсларига тўхталадиган бўлсак, кеча юртимиз спортчилари 5 та спорт турида совринли ўринлар учун ўтган мусобақаларда қатнашди.
Стол теннисчиларимиз жамоавий баҳсларда омадсиз қатнашган бўлса, пара сузишда шу пайтгача 2 та медалга сазовор бўлган Азизбек Бойназаров кечаги баҳсларда ҳам муносиб қатнашди. 100 метрга брасс усулида сузиш дастурида маррани учинчи бўлиб кесиб ўтди. Шунингдек таэквондочимиз Чарос Қаюмова 53 килограмм вазнда бронза медалига эга чиқди.
Ўтказилган мусобақалар сарҳисобига кўра, умумжамоа ҳисобида 16 та олтин, 14 та кумуш, 9 та бронза медали билан туркияликлар давлатлар рўйхатида етакчилик қилмоқда. 2-ўринга кўтарилган Эрон спортчилари 5 та олтин, 9 та кумуш, 4 та бронзага эга. 3-ўриндан жой олган Қозоғистон жамоаси 5 тадан олтин-бронза ҳамда 1 та кумушли бўлиб турибди.
Мамлакатимиз спортчилари эса ҳозирча 3 та олтин, 2 та кумуш ва 6 та бронза билан кучли тўртликда бормоқда.
Бугунгача ўйинларда қатнашаётган 56 та давлатдан 22 тасининг спортчилари совринли ўринларни қўлга киритган бўлса, қолган 34 таси ҳали бирон бир медалга мушарраф бўлмади.
Бугун, 10 август куни V Ислом бирдамлиги ўйинлари дастуридан ўрин олган ўқ отиш, енгил атлетика, бадиий гимнастика, сузиш, таэквондо, камондан отиш каби қатор спорт турларида совринли ўринлар учун мусобақалар бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА