Нукусда ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун мини футбол мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби аниқланди.
Ушбу мусобақа уюшмаган, кам таъминланган ва ишсиз ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда, чекка ҳудудларда мини футбол ва футболни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Барча рақиблари устидан ғалаба қозонган Нукус туманининг “Оқманғит” ҳамда Тўрткўл туманининг “Уллибоғ” жамоалари финалга йўллама олди. Учрашувнинг асосий вақти 3:3 ҳисобида дуранг билан якунланди. Пеналтилар бўйича Тўрткўл туманининг футболчилари ғалаба қозониб, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби бўлди.
Шунингдек, Тахтакўпир тумани жамоаси устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган Нукус шаҳрининг “Наўпир” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Бугун футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи финал ўйини бўлиб ўтади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА