Маълумки, маҳалла институти ўзини ўзи бошқариш органи сифатида маълум бир ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий, маданий, диний ва бошқа масалаларда мустақил иш олиб борувчи ижтимоий тузилма ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 9 минг 349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларнинг 41 таси шаҳарча фуқаролар йиғини, 73 таси қишлоқ фуқаролар йиғини, 165 таси овул фуқаролар йиғини ҳамда 9 минг 70 таси маҳалла фуқаролар йиғинларидир.
4 та маҳалла жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади. 580 та фуқаролар йиғинлари юртимизнинг қўшни мамлакатлар билан чегара ва анклав ҳудудларида жойлашган.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳалла, қишлоқ, овул ва шаҳарча фуқаролар йиғинларида фуқаролар йиғини раиси сайланади.
Бугун республикамизда маҳалла раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Ҳудудлар бўйлаб, 842 та маҳаллада сайлов бўлиб ўтиши режалаштирилган. Сайловларда 239 минг 910 нафар сайловчилар ҳамда 2 минг 270 нафар номзодлар иштирок этиши белгиланган. Сайловларда иштирок этаётган номзодлардан 510 нафари (60,5%) амалдаги раислар, 1 минг 762 нафари биринчи маротаба сайловда иштирок этаётган номзодлардир.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, қонунчиликка кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, шунингдек уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни 18 ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади. Мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказиш очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.
Фуқаролар йиғини раисини сайлашда фуқаролар йиғинининг ёки фуқаролар вакиллари йиғилишининг ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади. Фуқаролар йиғини раиси сайлови ушбу лавозимга икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА