Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ташкил этилган Халқаро Менделеев олимпиадасининг навбатдагиси муваффақиятли якунланди.
Бугун пойтахтимиздаги «Янги Ўзбекистон» мажмуасида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган 56-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда турли вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари, юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов 56-Халқаро Менделеев олимпиадаси доирасида дунёнинг 16 мамлакатидан иқтидорли ёшлар ҳамда кимё илмининг энг йирик намояндалари Ўзбекистонга ташриф буюрганини, бу чиндан ҳам маърифат, билимлар байрамига айланганини таъкидлади.
Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова навбатдаги Халқаро Менделеев олимпиадасининг юртимизда ўтказилиши мамлакатимиз тарихида алоҳида из қолдирганини таъкидлади. Aзалдан маърифатга бешик бўлган юртимиз бугун яна бир бор илм аҳлини бирлаштирди.
Ўтган бир ҳафта давомида турли мамлакатлардан ташриф буюрган 100 га яқин истеъдодлар нафақат ўзаро куч синашишди, балки билим ва тажрибаларини ошириб, янги дўстлар орттирди. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент, Самарқанддаги қутлуғ қадамжоларни зиёрат қилдилар.
Президентимиз доим «Илм тинчлик ва дўстлик кўпригидир», деб таъкидлайди. Шундай экан, дунёнинг билимли ва салоҳиятли бир гуруҳ ёшлари янгиланаётган Ўзбекистонимиздек ягона дўстлик нуқтасида ўз билимларини синагани, дўстлашгани эътиборга моликдир.
– Бу йил медаль соҳиблари орасида бирданига бешта давлат вакили бор, – дейди Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси ташкилий қўмитаси раиси, Москва давлат университети кимё факультети декани Степан Калмиков. – Қолаверса, анъанавий тарзда кучли натижа кўрсатаётган жамоалар ҳам, олтин медаль соҳиблари орасида янги келганлар ҳам бор. Aйниқса, Ўзбекистон терма жамоасини табриклайман. Aйни пайтда мамлакатда таълим соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Билимлар беллашувида мағлубларнинг ўзи йўқ. Унда барча бирдек ғолиб. Лекин шундай бўлса-да, Халқаро олимпиаданинг кўплаб иштирокчилари олтин, кумуш, бронза медаллари, махсус дипломлар, сертификатлар билан тақдирланди.
Халқаро олимпиаданинг 10 нафар иштирокчиси – россиялик 5 нафар ўқувчи, Туркия, Исроил, Беларусь Республикасидан бир нафардан ўқувчи олтин медалга муносиб топилди. Улар орасида Ўзбекистондан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азимжон Жамолов ҳам биринчи ўринга лойиқ топилди. Олимпиаданинг мутлақ ғолиби сифатида ва Россия Фанлар академияси академиги Валерий Лунин номидаги махсус пул мукофотига россиялик Игнатий Тарабрин муносиб топилди.
Дарҳақиқат, янгиланаётган Ўзбекистонимиз илм, маърифат, ижодий изланиш қўллаб-қувватланаётган диёр сифатида Халқаро фан олимпиадаси иштирокчиларининг қалбида қолгани аниқ.
Назокат Усмонова, ЎзА